Жойларда сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчиларнинг имзоларини тўплаш жараёни қизғин тус олмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кенгашлари, шаҳар ва туман кенгашлари ва бошланғич ташкилотлари масъуллари Марказий сайлов комиссияси томонидан партиянинг ваколатли вакилига тақдим этилган белгиланган тартибдаги имзо варақалари бланкаларини талаб даражасида тўлдиришга алоҳида эътибор қаратган. Сайловчиларга имзо варақаларини тўлдириш тартиби ва бу борада қатъий амал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар тушунтирилмоқда. Имзо варақасини тўлдириш жараёнлари корхона ва ташкилотларда, таълим, тиббиёт муассасалари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида сайлов қонунчилигига амал қилинган ҳолда олиб борилмоқдаСайловчиларнинг ҳар бири бу муҳим жараёнга масъулият билан ёндашиб, юрт тақдирига бефарқ эмаслигини намоён этмоқда. Сайловчиларнинг имзоларини йиғиш (тўплаш) ишлари бошланганидан буён ўтган икки кун ичида республикамиз бўйлаб 35 мингдан зиёд сайловчиларнинг имзолари тўпланди.
Сиёсий партиялар узоғи билан сайловга 50 кун қолгунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчилар имзоларини тўплашни ташкил этиши белгиланган. Ушбу жараёнлар ва учрашувларда сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли эканликлари тушунтирилмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан ташкиллаштирилаётган тадбирларда имзо тўлдириш тартиби, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, бўлажак муҳим сиёсий жараённинг мамлакатимиз тараққиётидаги аҳамияти ва Сайлов кодекси ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати