Қонун-қоидалар барчага баробар

 

Кейинги йилларда қимматбаҳо машиналар рулига ўтирган ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига қаршилик кўрсатиши, “катта ака”лари орқали уларга таъсир кўрсатиш ва инспекторларга қўл кўтариши билан боғлиқ ҳолатлар сони ошиб бормоқда. Кун ора ана шундай ҳодисаларга дуч келаяпмиз. Жорий йилнинг 17 августида "Подробно.уз" ахборот агентлиги сайтида "Йўл беринг, мен Малибудаман" сарлавҳали хабар тарқатилди. Автомашина ҳайдовчиси ЙПХ инспекторлари талабларини бажаришдан бош тортди ва муштлашишгача борган.

Гап шундаки, шу йилнинг 11 августида "Малибу" автомашинаси ҳайдовчиси Урганчда йўл патрул хизмати ходимининг тўхташ ҳақидаги сигналига бўйсунмаган. Инспектор қоидабузар ҳақида ҳайдовчининг йўналишида бўлган яна икки йўл патрул хизмати ходимларига хабар беради. "Малибу" автомашинаси ҳайдовчисини “Тинчлик” кўчасида тўхтатишга муваффақ бўлишди. Ҳайдовчи йўл патрул хизмати ходимлари билан 30 дақиқали мулоқот пайтида шахсини ошкор қилмаган. Шундан сўнг, шахснинг кимлигини аниқлаш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармасига боришни сўрашади, лекин ҳайдовчи жиддий қаршилик кўрсатади.

Афсуски, автомобиль йўлларида ҳаракатланиш қоидаларига амал қилмаслик, йўл патрул хизмати ходимларининг талабларига бўйсунмаслик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат идоралари ходимларининг талабига бўйсунмаслик, уларни менсимаслик, уларга қўл кўтариш каби нотўғри ҳатти-ҳаракатларга қарши. Қандай русумдаги автоуловни бошқараётганимиздан қатъий назар, ҳар биримиз қонун олдида баробармиз, машинанинг қимматлиги қонун-қоидалар менсимасликни англатмайди. Биз “жиноят учун жазо муқаррар” тамойилидан келиб чиқиб, қонунга итоат этмаганлар жазоланишини кучайтиришни кўзда тутган қонунга ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

 

Ўзбекистон ХДП

Ахборот хизмати

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш