Янги имкониятлар тадбиркорлик ривожига катта туртки беради

 

Мамлакатимизда иқтисодиётни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсати ҳар қачонгидан ҳам қатъий давом этмоқда. Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи Президентимизнинг доимий эътибори ва назоратида. Тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, уларга турли имтиёзлар ва қулайликлар яратилмоқда. Бугунги учрашувда ҳам Давлатимиз раҳбари шижоатли ва фидойи тадбиркорларга халқимизга мададкор бўлаётгани учун миннатдорчилик билдирди. Айниқса, мураккаб пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида ҳам, халқимизга мададкор бўлиб, ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган тадбиркорлар мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Ҳаёт бор экан, ютуқ ва камчиликлар, муаммолар ҳам ёнма-ён юради. Тадбиркорлик соҳасида ҳам. Президентимизга тадбиркорлардан 15 мингдан ортиқ савол, таклиф ва ташаббуслар келиб тушган ва шу кунгача, жойларда уларнинг кўпчилиги ҳал этилган. Айниқса Андижон, Наманган ва Сурхондарёда ишлар тизимли ташкил қилиниб, тадбиркорларимизнинг 90 фоиз муаммолари қисқа фурсатларда ҳал қилиб берилгани, албатта қувонарли ҳол. Айтиш жоизки, қаерда муҳит яхши бўлса, ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари Президент талабини тўғри тушунган бўлса, ўша ерда ишлаш услуби, тадбиркорларга муносабат ўзгарган. Аксинча, ривожланиш ричаги бўлган тадбиркор дарди билан яшамаган, улар кўтарган муаммоларнинг ичига кирмасдан, кўмак бермаган раҳбарлар фаолиятига эса, Президентимиз таъкидлаганидек, халқимизнинг ўзи баҳо беради ва бундай раҳбарларга бизнинг сафимизда ўрин йўқ ва келажакда ҳам шундай бўлади. Шу боис, ҳар бир вазирлик ва идора раҳбари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари келиб тушган мурожаатларни ўзларининг фаолиятига баҳо деб билишлари, бундан тўғри хулоса чиқариб, кескин ўзгаришлар қилишлари зарурлиги айтилди.

Айни пайтда Президентимиз тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича муҳим йўналишларни кўрсатиб ўтди. Бугунга қадар энг долзарб муаммоларни тизимлаштириб, уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқилгани айни муддао. Энг аввало, мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ. Жумладан, ушбу мурожаатларнинг асосий қисмида кредит ставкаларининг юқорилиги, ва кўплаб кредитларнинг қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган. Албатта, энди бунинг чоралари кўрилиши ҳам айтилди. Хусусан, банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун, келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 миллион доллар ажратилади.Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр бўлган, замонавий технологияларга эга йирик хорижий банкларни кириб келишига кенг имкониятлар яратамиз. Бу ҳам, ўз навбатида, тадбиркорларимиз учун қулай шароитлар тақдим этади ва банк тизимида биз учун ниҳоятда керак бўлган соғлом рақобат пайдо бўлади. Банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъий назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – сўмда ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади. Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади. Ушбу компания банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўгириб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади. Лўнда қилиб айтганда, бундан буён доллар ёки евро курсининг ошиши тадбиркорга қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди. Шубҳасиз, янги имкониятлар мамлакатимизда тадбиркорлик ривожига катта туртки беради.

 

Ойбарчин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонуечилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш