Тадбиркор — тараққиёт таянчи

 

Хусусий мулк даҳлсизлигини ҳимоялаш, иқтисодиётда унинг ўрнини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини ва бизнес шароитини янада яхшилашга доир ислоҳатлар изчиллик билан босқичма босқич амалга оширилиб келинмоқда. Хусусий секторга кенг эркинлик бериш, бюрократик ғовларни бартараф этишга оид бир қатор муҳим меъёрлар амалиётга татбиқ этилгани натижасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан қисқартирилди. Тадбиркорлик субъектларини ташкил қилишни соддалаштириш ва уларнинг фаолият юритишини енгиллаштириш билан боғлиқ қонунчилигимизнинг ўнлаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қатор Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Мақсад қўшимча иш ўринлари яратаётган, маҳсулот ишлаб чиқараётган, тараққиётимизга катта ҳисса қўшаётган тадбиркорларга катта имкониятлар беииш, кенг йўл очиб бериш. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқотида ҳам шу ҳақда сўз борди. Аҳамиятлиси, учрашувда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди, тадбиркорларнинг таклифлари эшитилди.

Шубҳасиз, кейинги йилларда тадбиркорлар иқтисодиёт ва ислоҳотларнинг таянчига ҳамда локомотивига айланди. Ишнинг кўзини биладиган ишбилармон ватандошларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкорлари, десак янглишмаган бўламиз. Ўз навбатида давлат ҳам уларга керакли барча шароитни яратиб бермоқда. Масалан, кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги-янги имконият ва шароитлар яратилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди. Энг асосийси, эл орасида ва давлат идораларида тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрў ва мавқеи кун сайин тобора ортиб бормоқда. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган, ҳақиқий тадбиркорлар синфи, ўрта синф шакллана бошлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Уларда ҳозирги кунда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилмоқда. Бу ўз навбатида юртимизда ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий адолат принциплари мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Кўрсатилаётган эътибор туфайли тадбиркор ёшлар ва аёллар сафи кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мисолларга мурожаат қилайлик. Охирги икки йилнинг ўзида, фақатгина хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга 500 миллион доллар маблағ йўналтирилди. Уларни ўз бизнесини бошлаши, жумладан касб ва тадбиркорликни пухта ўрганиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Натижада сўнгги 5 йилда ёш тадбиркорлар 5 баробар кўпайиб, уларнинг сони 500 мингдан ошди. Президентимиз таъкидлаганидек, тадбиркор аёллар ва ёшлар сафини янада кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам иқтисодий сиёсатимизнинг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаверади. Бу билан Ўзбекистоннинг кучли ривожланган давлатлар сафидан ўрин олишга қаратилган уринишлари кўп ўтмай ўз мевасини бера бошлайди.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш