Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини нафақат тадбиркорлар, балки тадбиркорликни бошламоқчи бўлиб турган фуқароларимиз, айниқса ёшлар катта қизиқиш билан кузатишди. Учрашувда Президент соҳани ривожлантириш, қулай ва жозибадор ишбилармонлик муҳити яратиш йўлидаги муаммолар ва уларни ҳал этишга қаратилган муҳим таклифлар, ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, тадбиркорлардан тушган кўплаб мурожаатларда бизнесни молиялаштириш манбаларини янада кўпайтириш мақсадида нобанк кредит ташкилотларини очиш ва юритишга бўлган мавжуд талабларни камайтириш ва енгиллаштириш масалаларидаги таклифларни давлатимиз раҳбари маъқуллаб, микромолия ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ҳақида тўхталди. Унга кўра, жорий йил 1 октябрдан микромолия ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўлиқ бекор қилиниб, мазкур ташкилотлар ўз фаолиятини бошлаши учун Марказий банк реестрига киришлари кифоя бўлади. Шунингдек, бундан буён уларга касса хоналари ташкил этиш, ҳудудларда филиаллар очиш учун Марказий банкнинг розилигини олиш шарт бўлмайди. Энг муҳими, улар томонидан тадбиркорларга бериладиган микрокредит ва микролизинг учун амалдаги чекловлар ҳам олиб ташланади.
Шу билан бирга, микромолия ташкилотларига бошқа ташкилотлардан маблағлар жалб қилиш, облигациялар чиқариш ҳуқуқлари ҳам берилади ҳамда ушбу ташкилотлар худди банклар каби тўловларни қабул қилиш ваколатига эга бўладилар. Эътиборлиси, ушбу янги имкониятлар ҳисобидан кредит бозорида тадбиркорларимиз учун йилига қўшимча 10 триллион сўм маблағ шаклланади ҳамда ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида кичик тадбиркорлик субъектларига микромолиявий ёрдам кўрсатиш, оилавий тадбиркорлик, хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти, касаначилик, ҳунармандчилик ва шахсий ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш учун микромолиявий хизматлар кўрсатиш сифати яхшиланади.
Давлатимиз раҳбари учрашувда солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Маълумки, сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди. Молк-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга камайтирилди. Транспорт соҳасида солиқ юки – 3 баробар, озиқ-овқат саноатида – 2 баробар, тўқимачилик ва электротехника саноатида эса 20 фоизгача камайди.
Бутун дунёни забт этган пандемия даврида ҳам мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди, кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилиб, мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул воз кечилди. Бу чора-тадбирлар ўз навбатида тадбиркорлар ихтиёрида қолган 2 триллион сўм маблағни бизнес фаолиятига сарфлаш имконини берди.
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига асосан, 23 та махсус иқтисодий зона иштирокчилари «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақлаб қолинади. Шунингдек, ички бозорда тенг рақобат бўлиши учун экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга олиб келинган хом ашё импорт божидан озод этилади. Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилинади. Ушбу тартиб тадбиркорларга бир йилда ўртача 350 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қисқа муддатда қайтариб олиш ва айланма маблағларини кўпайтириш имкониятини беради. Бундан ташқари, четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди.
Тадбиркорларни ўйлантираётган яна бир муҳим масала – пандемия давом этаётганлиги сабабли жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонаси йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинади. Шу билан бирга, уларнинг бошқа солиқлардан мавжуд 35 миллиард сўм қарзлари муддатлари жорий йил якунигача узайтирилади, кредитларини қайтариш ҳам кечиктирилади.
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан юзма-юз учрашувида илгари сурилган ташаббуслар, соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тадбиркорларимизга ишонч ва шижоат бағишлашга, мамлакатимизнинг бизнес муҳити жозибадорлигини оширишга, энг асосийси, аҳолини иш билан таъминлашга, халқимизнинг фаровон яшашига ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.