Янги иш ўринлари ва барқарор даромад манбаи яратилади

 

Мамлакатимизда янги иш ўринлари очиш, аҳолига доимий даромад топиш имкониятини яратишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий сиёсат қатъий давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти, унда илгари сурилган янги ташаббуслар бунинг ўзига хос кафолати бўлди.

Мураккаб пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида ҳам халқимизга мададкор бўлиб, ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган тадбиркорлар мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшмоқда.

Кейинги уч-тўрт йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги-янги имконият ва шароитлар яратилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди.

Очиқ мулоқотда таъкидланишича, бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келаётган экан. Тадбиркорлар 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз бандлигини таъминлаб, халқимизга катта мадад бўлмоқда.

Ижтимоий ҳимояни кучайтириш, камбағалликни қисқартиришда энг самарали омиллардан бири ёшларга ўз ишини йўлга қўйиши учун имконият, шароит яратиш ҳисобланади. Шунинг учун мамлакатимизда бу йўналишга алоҳида ва жиддий эътибор қаратилмоқда. Охирги икки йилда фақатгина хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга 500 миллион доллар маблағ йўналтирилди. Натижада кейинги 5 йилда ёш тадбиркорлар 5 баробар кўпайиб, уларнинг сони 500 мингдан ошди.

Тадбиркорлик, ишбилармонлик ҳаракатларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аҳамиятини бугун ҳамма яхши тушунади. Камбағалликни қисқартиришга, аҳолининг реал даромадларини оширишга мазкур соҳага кенг йўл очиш орқали эришиш мумкинлиги ривожланган давлатлар мисолида кўриб турибмиз. Меҳнаткаш, йўқдан бор қилишни яхши биладиган халқимизга тадбиркорлик соҳасидаги ҳаракатларини юзага чиқариш учун зарур шароит, эркинликлар яратиш орқали биз ҳам улар эришган ютуқларни қўлга киритишимиз шубҳасиз.

Очиқ мулоқотда солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди. Яқингача Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига бизнес учун оғир юк бўлган 3,2 фоизли йиғимлар тўланар эди. Бюджетдан ташқари жамғармаларга мазкур йиғимларни бекор қилиш ҳисобига, 7 мингга яқин корхона ҳар йили ўртача 6 триллион сўм солиқ тўлашдан озод бўлди. Бу маблағлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтиришга, янги иш ўринлари яратишга ва ишчиларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга муҳим таянч бўлиб хизмат қилди.

Ер – бебаҳо ҳазина. Бутун дунёда ер захиралари камайиб бормоқда, ернинг қадри, қиймати ошмоқда. Бундай мураккаб вақтда ер ажратишда ижтимоий адолат тамойилларига риоя этиш долзарб аҳамиятга эга. Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда ер сотиш учун пора олганлар ҳақида тез-тез ўқиб қоляпмиз. Ёки ижро ҳокимияти органлари вакиллари томонидан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун мўлжалланган ерларнинг ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда сотиб юбориш ҳолатларига кўп гувоҳ бўляпмиз. Энди бундай ҳолатларга чек қўйиш бўйича қатъий чоралар кўрилади.

Очиқ мулоқотда бундан буён давлат мулки объектлари жойлашган ери билан бирга ягона мулкий мажмуа сифатида аукцион орқали сотилиши маълум қилинди. Бинони сотиб олган тадбиркорлар унга бириктирилган ерга ҳам хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қиладилар. Тасдиқланган дастурга қўшимча равишда йил якунига қадар яна 500 та давлат активлари очиқ савдога чиқарилади. Бундан кейин янги ер майдонларини аукционга чиқаришдан олдин ҳудуд ривожланишининг аниқ режаси тузиб олинади.

Шунингдек, ҳар бир вилоятда махсус жамғармалар ташкил этилади ва ер майдонларини сотишдан тушган маблағ тўлиқ туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилиб, тадбиркорлар учун инфратузилма яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.

Энди ерлар фақат аукцион орқали ижарага берилади ва сотилади. Шу тариқа адолатли тақсимланади. Яъни, ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади.

Сайловчилар билан учрашувларда айнан ер масаласи билан боғлиқ кўп мурожаатлар бўлади. Ери олиб қўйилган ёки бошқа шахсга ўтказиб юборилган фермерлар, ер ажратиш бўйича туман ҳокимларидан норози бўлаётган аҳоли, ер масаласида ҳокимиятга кун ора қатнаган, соатлаб, кунлаб ҳокимни кутган одамларнинг муаммолари, сарсон-саргардончилиги ечимини топадиган бўлди.

Умуман, Ўзбекистонда ер муносабатларида замонга мос янги давр бошланмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бу борадаги ислоҳотлар бўш турган ерлардан янада самарали, эркин ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратади. Ерга оид муносабатларда янги қоидаларнинг жорий этилиши ижтимоий адолатга, барқарор иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Мулоқотда илгари сурилиб, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватланган ташаббуслар миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш вазифасини ҳам кун тартибига қўймоқда. Бу масалани қисқа муддатда ва мукаммал равишда амалга ошириш парламент, биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш