Халқ таълими: 10 мингга яқин ходим нега кам ойлик оляпти?..

 

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда умумтаълим мактабларидаги кадрлар бўйича менежерларнинг ойлик маошлари камайтириб ёзилаётгани борасидаги фикрлар кўпайиб бормоқда.

Ўзи ушбу вазифада фаолият олиб бораётган ходимлар қанча ойлик олиши керак? Уларнинг иш ҳақи разрядлари миқдори қанча?

Бу каби саволлар кўплаб мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда. Негаки, мактабларидаги кадрлар бўйича менежерлар ҳанузгача иш ҳақи разрядларини билмайди. Шу сабабдан қанча ойлик иш ҳақи ёзилса, шунга қаноатланиб, ишлаб келмоқда.

Шу ўринда яна бир савол туғилади. Бу вазифа қачон жорий қилинди?

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2019 йил 28 декабрдаги 406-сонли буйруғи билан “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим муассасалари бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатлари” тасдиқланган. Ушбу қарорнинг 1-иловаси 6-қаторига кўра Кадрлар бўйича менежер лавозими жорий қилинган.

Мазкур буйруқ Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари билан ҳам келишилган.

Яъни, бу тартиб кеча ёки бугун эмас, 2019 йилнинг декабрь ойидан жорий қилинган. Мазкур лавозим кенг тарқалган лавозимлар қаторида тасниф этилади. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда “кенг тарқалган лавозимлар” деган тушунча мавжуд.

Кенг тарқалган лавозимлар” номи ва улар учун тўланадиган иш ҳақи разрядлари миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 743-сонли қарорининг 4-иловасига асосан белгиланган. Унга кўра, олий маълумотли муҳандислар, мутахассислар ва инспекторларга 7-разряд, олий маълумотли бўлмаган мутахассислар ва инспекторларга 6-разряд бўйича иш ҳақи тўланиши лозимлиги белгиланган.

Бироқ шу кунга қадар умумтаълим мактабларида кадрлар бўйича менежер вазифасида фаолият олиб бораётган ходимларга 4- ёки 5-разряд бўйича иш ҳақи тўлаб келинаётгани тушунарсиз ҳолат.

Ушбу ҳолатни аниқ мисолларда келтирадиган бўлсак, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида бугунги кунда 70 та умумтаълим мактаби мавжуд. Табиийки, кадрлар бўйича менежер вазифасида ишлаётган ходимлар сони ҳам шунча. Ушбу ходимларга белгиланган тартибга кўра 1 разряд кам иш ҳақи тўлаб келинмоқда. Демакки, ҳар ойда ҳар бир ходим қарийб 86 минг сўм зарар кўрмоқда.

Ўзбекистонда 10 мингга яқин умумтаълим мактаби бўлса, демак, шунча ходим ушбу ноаниқликдан зиён кўрмоқда. Бир нафар бир ойда 86 минг сўм кам ҳақ олса, энди бу миқдорни қарийб 10 минг нафар ходимни кўз олдингизга келтириб, ҳисоблаб кўраверинг. Умумий сумма бир ойда қанча бўладию, бир йилда қанча бўлади?..

2020 йилдан бошлаб кадрлар бўйича менежер вазифасида ишлаётган ходимга тўланадиган иш ҳақи молия ва меҳнат органлари билан келишилган тақдирда ҳам маълумотига қараб камида 6-7-разрядлар кўзда тутилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фарзандларимиз таълим-тарбия оладиган маскандаги ходимларнинг манфаатлари таъминланиши, меҳнати қадрланиши, иш ҳақи тўғри ҳисоб-китоб қилиниши зарур, деб ҳисоблайди.

Шунинг учун Халқ таълими вазирлигидан ушбу масалани ўрганиб чиқишни сўраймиз. Кадрлар бўйича менежерларга белгиланган тартибга мос равишда 6- ва 7-разряд бўйича иш ҳақи тўланишини ҳамда 2020 йилдан шу кунга қадар уларнинг иш ҳақини қайта ҳисоб-китоб қилиниши масаласида расмий муносабат кутамиз.


Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

 

 

← Рўйхатга қайтиш