Ўзбекистонимиз мустақил тараққиётининг ўтган ўттиз йилида одамлар хусусий мулкка эга бўлиши, ўз тадбиркорлик ишини йўлга қўйиши, кези келганда, хорижий ҳамкорлар билан иш бошлаши учун қулай муҳит яратилди. Айниқса, кейинги беш йил мобайнида мамлакатимизда яратилган қулай инвестицион муҳит кичик ва ўрта тадбиркорликнинг гуллаб-яшнашида муҳим омил бўлмоқда. Бунда бизнес доираларнинг муаммоларига ечим топиш, уларнинг самарали ишлаши учун тўсиқ бўлаётган молиявий, бюрократик ва бошқа турли тўсиқларни олиб ташлаш йўлида дадил қадамлар қўйилди. Эндиликда хусусий бизнес кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади. Бугун сайёҳлик, савдо ва хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим ва бошқа жабҳаларда хусусий тадбиркорлик жадал равнақ топмоқда. Бу эса мамлакатимизда янги-янги иш ўринларини ташкил этиш, одамларнинг меҳнат бандлигини таъминлашда, оддий тилда айтганда, халқимизнинг оғирини енгил қилишда баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқда. Мамлакат тараққиёти, унинг бойлиги, фаровонлиги, халқининг эса ўзи ҳам, кўзи ҳам тўқлиги кўп жиҳатдан тадбиркорлик тузилмаларнинг самарали фаолиятига боғлиқ. Собиқ шўролар даврида кимнингдир хусусий корхонаси, фирмаси, хўжалиги, савдо шохобчаси, қўйинг-чи, бизнес манбасига эга эканини тасаввур этиш қийин эди. Тадбиркорларни чайқовчига чиқариб ҳам қўйилганди. Мана энди улар тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланган. Аммо уларнинг йўлига тўғаноқ бўладиганлар, рўйхатдан ўтказиш учун таъмагирлик қиладиганлар ҳамон учрайди.
Шунинг учун Президентимиз тадбиркорлар билан учрашувда тадбиркорликка оид тартиб-таомилларни соддалаштириш вазифаларини кўрсатиб ўтгани эътиборга молик. Тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни қисқартириш, соҳадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш, хусусий мулк дахлсизлиги борасидаги сиёсатни қатъий давом эттирилади. Тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 80 дан ортиқ субсидиялар жорий этилди. Ўтган даврда уларга 2,3 триллион сўм ажратилди. Лекин, мактабгача таълим, халқ таълими, муқобил энергетика, балиқчилик, паррандачилик, қоракўлчилик каби 10 дан зиёд соҳаларда субсидиялар ишламаяпти. Бунга сабаб – ушбу субсидияларни тўлаш тартиби мураккаб ва рақамлашмаган. Тадбиркор субсидияни олиш учун ўртача 5 та ҳужжатни тақдим этиши, 10 та вазирлик ва идорадан хулоса олиши зарур. Бунга камида бир ой кетади. Бундан ташқари, 60 фоиз чорвадорлар субсидия олиш жараёнини “мураккаб” деб ҳисоблайди. Шу боис, келгуси йил 1 январдан, субсидияларни ажратиш бўйича мурожаатлар “ягона дарча” тамойили асосида қабул қилинади, жараёнда иштирок этадиган давлат идоралари сони 2-3 бараварга қисқартирилади. Қолаверса, ўтган бир йилда тадбиркорлардан талаб қилинадиган 400 дан ортиқ лицензия ёки рухсатномалардан 114 таси бекор қилинди. Шунингдек, лицензия ва рухсатнома талаб қилган 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Ҳозирда 30 турдаги лицензия ва рухсатномалар “онлайн” тарзда берилмоқда.
Келгуси йилдан бошлаб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун барча рухсат этувчи ҳужжатлар “онлайн” тарзда расмийлаштирилади. Жорий йил якунига қадар лицензия ёки рухсатномалар сони яна камида 30 фоизга қисқартирилади. Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган ҳар қандай текшириш, мониторинг ва назорат тадбирларида адолат мезонлари ва қонун устуворлиги таъминланиши кераклиги таъкидланди. Бунинг учун, Савдо-саноат палатасига тадбиркорнинг розилиги билан, барча текширишларда иштирок этиш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ваколати берилади. Боз устига, бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздор. Барча вилоят ҳокимлари огоҳлантирилди. 1 сентябрга қадар тадбиркорлар билан барча ҳисоб-китоблар якунига етказилиши, бир сўм ҳам қарздорлик қолмаслиги шартлиги уқтирилди.
Хуллас, бизнес доираларнинг муаммоларига ечим топиш, уларнинг самарали ишлаши учун тўсиқ бўлаётган молиявий, бюрократик ва бошқа турли тўсиқларни олиб ташлаш йўлида дадил қадамлар қўйилмоқда.
Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.