Давлатимиз раҳбарининг кеча тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқоти мамлакат бизнес доираси ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди. Ушбу учрашувни тадбиркор ва ишбилармонларимиз илҳақлик билан кутаётган эдилар. Чунки, тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес муҳитни яхшилаш борасида бевосита давлат раҳбари билан бевосита мулоқотда бўлиш имконияти ҳар доим ҳам бўлавермайди. Шуниси диққатга сазоворки, Президентимиз мазкур учрашувга алоҳида эътибор қаратиб, олти соатдан ортиқ давом этган мулоқот давомида учинчи секторни ривожлантириш билан боғлиқ энг устувор масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдириб, тадбиркорларнинг ҳар бир мурожаати шахсан ўзининг назоратида эканини маълум қилди.
Учрашувда Президентимиз томонидан мамлакатимизда 20 август Тадбиркорлар куни деб белгиланиши, ҳар йили ушбу санада ишбилармонлар билан давлат раҳбарининг учрашуви ўтазилиши, тадбиркорлар учун алоҳида давлат мукофоти таъсис этилиш ҳақида билдирилган таклифлари йиғилиш иштиркочилари томонидан қизғин олқишлар билан кутиб олинди. Мазкур ташаббусларнинг барчаси тадбиркорларни, бизнесга энди-энди қадам қўяётган ёшларимизни рағбатлантиришга, юртимизнинг бизнес жозибадорлигини оширишга, пировардида, миллий тараққиётимизга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланадиган ҳар бир туманда, керак бўлса, маҳаллаларда алоҳида тизим ташкил этиш, бундан ташқари, тадбиркорлар ўзлари ўқиган мактабларга бориб ишбилармонлик йўналишида дарс ўтиш, фарзандларимизга ёшлигидан тадбиркорлик сир-асрорларини ўргиш борасида билдирган таклифлари ҳам жуда ўринли бўлди. Таъкидланганидек, ушбу таклифларни партия фракциялари қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича берилган топшириқ ижросини таъминлаб, соҳа тараққиётига ҳиссаларини қўшишлари лозим.
Учрашувда тадбиркорларимизнинг мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, ҳаётимиз фарвонлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари: “Сизлар иқтисодиётимиз ва ислоҳотларимиз таянчига ҳамда локомотивига айландингиз, деб айтишга барча асосларимиз бор. Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимисолида биз чин маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз”, – дея таъкидлади.
Ҳаммамизга маълум, пандемия шароитида тадбиркорларимиз иш фаолиятларида кўплаб қийинчиликларга дуч келганига қарамай, қанчадан-қанча қийналган оилаларга саховот кўрсатиб давлатимизга елкадош бўлди. Бу эса ишбилармонларимизнинг сўзи ва ишда якдиллигининг ёрқин намунасидир. Президентимиз бу ҳақда алоҳида тўхталиб, танти ва олижаноб тадбиркорларга мураккаб вазиятда халқимизни қўллаб-қувватлаганликлари учун самимий миннатдорчилигини билдирди. Шундай мураккаб бир шароитда энг кўп иш ўрни яратган, энг кўп солиқ тўлаган тадбиркорларнинг 100 нафарига Президентнинг миннатдорчилик хати илк марта тақдим этилди.
Мулоқотда таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорларнинг дардини раҳбарлар эшитадиган тизим яратилди, барча вилоятларда уларни ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Бош вазир қабулхоналари ташкил этилди. Бироқ давлат раҳбари билан ўтказилган учрашув арафасидаги 20 кун ичида тадбиркорлардан 15 мингга яқин мурожаатлар келиб тушгани, жойларда бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп эканини, шунингдек, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сиёсатимизнинг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди. Уларнинг муаммоларини тизимли ҳал қилиш билан вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари шуғулланиши кераклиги ҳақида берилган топшириқ, ўйлайманки, тадбиркорларга жуда катта куч, мадад бағишлади. Улар ортида шундай ҳимоячиси борлигини ҳис қилиш билан бирга янгидан-янги ташаббусларни амалга оширишга ўзларида катта ишонч ҳис этганликлари шубҳасиз.
Эътиборлиси, давлатимиз раҳбари залда ва жойлардаги студияларда қатнашаётган тадбиркорларнинг ичида опа-сингилларимизни ва ёшларни кўриб турганидан хурсандлигини, уларнинг сони кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Хусусан, кейинги икки йил ичида хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги учун 500 миллион доллар йўналтирганлиги натижасида улар ўз бизнесини бошлагани барчамизни қувонтиради.
Мулоқот давомида тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашиш, ортиқча текширувлар, нақд пул ва валюта бўйича мавжуд чекловларга тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди. Шунинг билан бирга, тадбиркорлар ҳалол ва адолатли ишлашга даъват этилди.
Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг юртимиз тадбиркорлари билан бўлиб ўтган учрашуви, унда кўтарилган таклиф ва ташаббуслар мамлакатимизда ишбилармонлик учун янада қулай шароит яратилишига, тадбиркорлар сафи кенгайишига хизмат қилади. Тадбирли ва тадбиркор халқ эса бой, мамлакат қудратли бўлади.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.