Ойлик, пенсия ошгани яхши, аммо БҲМчи?..

 

2021 йил 1 сентябрдан иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори ошиши ҳақида хабар байрам арафасида барча фуқароларнинг кайфиятини кўтарди.

Шу билан бирга, базавий ҳисоблаш миқдори ўзгаргани эса бироз ўйлантирадиган масала. Чунки бу жарималар, хусусан, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори ҳам кўтарилишига олиб келади.

Базавий ҳисоблаш миқдори бундан аввал шу йил февраль ойида (245 мингдан) ўзгарганди. Унга асосан жарималар, хусусан, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун тегишли тартибда жарималар миқдори ҳам ошганди.

Ойлик оширилиши билан бир вақтда базавий ҳисоблаш миқдори ва тўланадиган жарималар ҳажми ошиши жамоатчилик орасида айрим фикрларга сабаб бўляпти. Хусусан, “ойликлар билан бир пайтда жарималар ҳам, нарх-наво ҳам ошса, бу тарзда ўзгаришдан нима фойда?”, деган мазмунда саволлар ҳам берилмоқда. Ўйлаб кўрсак, бу савол ва фикрларда асос йўқ эмас.

Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа 440 минг сўм. Машинада светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетилса, 540 минг сўм, машинани белгиланмаган жойга қўйилса ҳам 540 минг сўм жарима тўланади.

Тўғри, базавий ҳисоблаш миқдори давлат мукофотлари, унвонлар, эсдалик нишонлар учун назарда тутилган мукофот миқдорларини, озиқ-овқат, йўлкира учун харажатлар қийматини қоплаш, ободонлаштириш ходимларининг озиқ-овқати БҲМнинг бир баравари миқдорида компенсациялар миқдорини белгилашда ҳам қўлланилади. Лекин фуқароларнинг қанча қисми ёки неча фоизи бундан фойдаланади?

БҲМнинг ошиши тор доирадаги қатламга манфаатли бўлиши мумкин, аммо жарималар ва бошқа миқдорларнинг ошиши барчага бирдек қийинчилик туғдириши мумкин.

Иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан, пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори эса минимал истеъмол харажатидан келиб чиқиб белгиланса, унда базавий ҳисоблаш миқдорини ошириш зарурмикан?..

Коронавирус пандемияси шароитида аҳолининг даромадлари камайиб кетган, кундалик эҳтиёжларини қоплашга етмай турган бир пайтда жарималар миқдорининг оширилиши жамиятда ночор қатламнинг кўпайишига олиб келиши мумкин. Фуқароларнинг иқтисодий ҳолати, ижтимоий кайфияти жарималар миқдори ошишига тайёр эмас.

Шунинг учун ойлик, нафақа ва пенсиялар миқдорини оширганда, тегишли мутахассис ва мутасаддилар БҲМни кўтариш масаласини ҳар томонлама таҳлил қилиб кўриши мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш