Фракция йиғилишида Давлат бюджети ижроси кўриб чиқилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20 август куни пойтахтимиздаги Халқаро анжуманлар саройида мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқотида сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокамасидан бошланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов маълумот берди. Таъкидландики, мамлакатимизда янги иш ўринлари очиш, аҳолига доимий даромад топиш имкониятини яратишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий сиёсат қатъий давом этмоқда. Дунё иқтисодиётига катта зарар етказган пандемия даврида тадбиркорларимиз нафақат бизнесини сақлаб қолгани, балки янги иш ўринларини яратиб, мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшмоқда. Эътиборлиси, бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келаяпти ва тадбиркорлар 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз бандлигини таъминлаб, халқимизга катта мадад бўлмоқда.

Кейинги уч-тўрт йилда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити тубдан яхшиланди. Жумладан, тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги-янги имконият ва шароитлар яратилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди.

Ўрни келганда қайд этиш керак, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, камбағалликни қисқартиришда энг самарали омиллардан бири ёшларга ўз ишини йўлга қўйиши учун имконият, шароит яратиш ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатимизда бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, биргина охирги икки йилда фақатгина хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга 500 миллион доллар маблағ йўналтирилди. Натижада кейинги беш йилда ёш тадбиркорлар 5 баробар кўпайиб, уларнинг сони 500 мингдан ошди. Тадбиркорлик, ишбилармонлик ҳаракатларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аҳамиятини бугун ҳамма яхши тушунади. Камбағалликни қисқартиришга, аҳолининг реал даромадларини оширишга мазкур соҳага кенг йўл очиш орқали эришиш мумкинлиги ривожланган давлатлар мисолида кўриб турибмиз. Меҳнаткаш, йўқдан бор қилишни яхши биладиган халқимизга тадбиркорлик соҳасидаги ҳаракатларини юзага чиқариш учун зарур шароит, эркинликлар яратиш орқали биз ҳам улар эришган ютуқларни қўлга киритишимиз шубҳасиз.

Очиқ мулоқотда солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди. Яқингача Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига бизнес учун оғир юк бўлган 3,2 фоизли йиғимлар тўланар эди. Бюджетдан ташқари жамғармаларга мазкур йиғимларни бекор қилиш ҳисобига, 7 мингга яқин корхона ҳар йили ўртача 6 триллион сўм солиқ тўлашдан озод бўлди. Бу маблағлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтиришга, янги иш ўринлари яратишга ва ишчиларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга муҳим таянч бўлиб хизмат қилди.

Қайд этилганидек, тадбиркорлар билан мулоқотда бундан буён давлат мулки объектлари жойлашган ери билан бирга ягона мулкий мажмуа сифатида аукцион орқали сотилиши маълум қилинди. Бинони сотиб олган тадбиркорлар унга бириктирилган ерга ҳам хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қиладилар. Бундан кейин янги ер майдонларини аукционга чиқаришдан олдин ҳудуд ривожланишининг аниқ режаси тузиб олинади. Ҳар бир вилоятда махсус жамғармалар ташкил этилади ва ер майдонларини сотишдан тушган маблағ тўлиқ туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилиб, тадбиркорлар учун инфратузилма яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.

– Мулоқотда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш вазифасини ҳам кун тартибига қўймоқда. Бу масалани қисқа муддатда ва мукаммал равишда амалга ошириш парламент, биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди, – деди Улуғбек Иноятов.

Шундан сўнг Молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон иқтисодиётида жорий йилнинг олти ойи давомида 6,2 фоиз ўсиш кузатилиб, иқтисодиёт аста-секин тикланмоқда ва барқарор ўсишга қайтмоқда. Ҳисобот даврида республика ЯИМ ҳажми 318,5 трлн сўмни ташкил этди. Пандемия таъсири туфайли жаҳоннинг кўплаб давлатлари иқтисодиёти оғир даврни бошдан кечираётган бир пайтда миллий иқтисодиётимизда ўсиш кузатилаётгани албатта, қувонарлидир.

Фракция аъзолари бюджет маблағларини мақсадли ва самарали сарфланиши устидан назорат кучайтирилиши лозимлигини, негаки, соғлиқни сақлаш, таълим тизимларида бюджет маблағларини талон-тарож этиш ҳолатлари кўпайгани кузатилганини таъкидладилар. Бундан ташқари, депутатлар жойларда таълим объектлари қурилишини молиялаштиришдаги айрим муаммолар бўйича аниқ мисоллар келтирган ҳолда бу каби ҳолатларни танқид қилдилар.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП фракцияси фаолиятига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш