Бугун Нукусда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда бўлажак Президент сайловига тайёргарлик кўриш, Ўзбекистон Халқ демократик партияси XII қурултойига делегатлар сайлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Қурултойга делегатлар сайлаш билан боғлиқ масала юзасидан Қорақалпоғистон партия республика Кенгаши раиси Халилла Ешимбетов сўзга чиқди.
Пленумда мамлакатимиз аҳли муҳим сиёсий-ижтимоий воқеа арафасида турганлиги, Президент сайлови халқимизнинг эртанги куни, фаровонлиги, давлатимизнинг равнақи, дунё ҳамжамиятидаги мавқеи мустаҳкамланиши билан боғлиқ долзарб жараён ҳисобланиши қайд этилди. Давлат ҳокимиятини эркин ва ошкора, муқобиллик асосида ўтадиган сайловлар орқали шакллантириш демократиянинг олий кўринишидир. Фуқаролар сайлов орқали давлат бошқарувида ўзининг овози, сиёсий иродаси билан бевосита иштирок этади.
Муҳокамаларда сўзга чиққанлар шу йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Президент сайлови партиямиз фаолларига катта масъулият юклаши, ҳар бир аъзодан, қуйи бўғиндаги ҳар бир партия ташкилотидан катта сафарбарлик ва уюшқоқлик талаб қилишини таъкидлади.
Пленумда партия Қурултойига делегатлар сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар асосида 7 нафар делегат сайлаб олинди. Пленум давомида кўриб чиқилган масалалар юзасидан иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши