Соғлом турмуш тарзи - ҳаётимиз фаровонлигининг асоси

 

Соғлом турмуш тарзи бу унумли меҳнат, фаол дам олиш, бадантарбия ва спорт билан шуғулланиш, организмни чиниқтириш, шахсий гигиенага риоя қилиш, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан ўзини тийиш кабиларни айтиб ўтиш мумкин.

2020 йил 30 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида ҳам айни масалаларга эътибор қаратилган. Фармонда жаҳонда СОVID-19 коронавирус пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, соғлом турмуш тарзига, юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн)касаллигига чалинган фуқароларимизнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётганлиги ва натижада бугунги пандемия орамиздан кўплаб фуқароларимизни бевақт дунёдан кўз юмишига сабаб бўлаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Албатта, бундан барчамиз жиддий хулоса чиқарган ҳолда зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланишимиз, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, хусусан таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмасликни, бир сўз билан айтганда, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга айлантиришимиз зарурлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг спорт соҳасига алоҳида эътибор қаратаётгани, соғлиқни сақлаш ва спорт тизимидаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши деб белгиланганлиги мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги муваффақиятларининг кафолати бўлиши шубҳасиз.

Вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат хокимияти органларида фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини баҳолаш мезонларининг ишлаб чиқилиши, ҳудудий ҳокимликларнинг тегишли ҳудудда оммавий спорт билан шуғулланувчилар сонининг ошишига, ортиқча вазн ҳолатлари (семизлик) ва бевақт вафот этиш кўрсаткичлари камайишига қараб ишига баҳо бериш бўйича рейтингини рақамлаштирилган дастур ёрдамида мониторинг қилиш тизимининг жорий этилиши, “Соғлом турмуш тарзи” платформаси билан интеграция қилиниши албатта ходимларни ўз соғлиқларига бўлган эътиборини янада кучайтиради. Бу бевосита ушбу ташкилот ёки муассасалар ходимлари соғлиғини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Айниқса, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат хокимияти органлари рейтингини тузишнинг техник имкониятларини тўлиқ яратиб, амалда қўлланилиши натижасида бутун Ўзбекистонда фаолият юритаётган раҳбар ва ходимларнинг жисмоний фаоллиги рейтингини юритиш имконияти пайдо бўлади.

 

Муқаддас Ўразалиева,

Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси аъзоси,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш