Дунёда тинчликдан ортиқ бойлик, ундан зиёда бахт йўқ. Ана шу бебаҳо неъматни асрашнинг омиллари оддий, у ҳам бўлса инсоннинг, халқларнинг тили, дини, миллати ва ирқидан қаътий назар бир—бири билан биродар бўлиб яшашлигидир. Шунда ер юзида тинчлик — осойишталик, ободлик ва равнақ бўлади.
Мамлакатимиз ўз Истиқлолини қўлга киритган илк кунлариданоқ миллатлараро дўстлик, тенглик ва тотувлик масаласига улкан эътибор қаратди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддаси асосида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тили, урф – одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши таъминланиши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратилиши белгиланган. Бош Қомусимизнинг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташкил этади”, деган муҳим қоида белгилаб қўйилган.
Ҳозирги қунда Ўзбекистонда 130дан ортиқ миллат вакиллари тинч- тотув яшаб, 138 та миллий – маданий марказлар фаолият юритиб келмоқда. Ватанимизда яшовчи турли миллат вакилларини мамлакатимизнинг ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш — бу марказлар фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Бугунги кунда улар томонидан хорижий мамлакатлардаги турдош ташкилотлар ҳамда тарихий Ватанлари билан дўстлик, ҳамкорлик, маданий — маърифий алоқалар ўрнатиш ва ҳамдўстлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда мамлакатда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Улкан ва шиддатли ислоҳотлар жараёнида барпо бўлаётган янги Ўзбекистонимизда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган халқчил сиёсатнинг асосий мақсадини миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ташкил этмоқда. Таъкидлаш ўринлики, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи бўлимида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаши соҳасидаги устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириши чора – тадбирлари тўғрисида”ги, 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ва бошқа бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар миллатлараро ҳамда динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш мамлакатимизда олиб борилаётган тарихий ислоҳотларнинг узвий қисми эканлигини тасдиқлайди.
Қудратимиз дўстликда! Юртимизда фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, “Ўзбекистон — умумий уйимиз” тамойилини амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора – тадбирлар турли миллат вакиллари ўртасида яқинлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаб, мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг тили,урф-одатлари ва анъаналарига бўлган ҳурматни ва уларнинг ривожланиши учун яратилаётган шароитларни кенгайтирмоқда.
Бугунги дунёдаги вазият ҳар нафасда ўзгариб бормоқда. Таъбир жоиз бўлса, дунё киприкдаги ёшдек қалқиб турибди. Бу нотинчликларнинг сабабига эътибор қилсангиз, ҳаммаси дин ажратиш, миллат ажратиш, одамни ирқи, жинси, ижтимоий аҳволига қараб камситишдек тубан муносабатлардан келиб чиқмоқда. Бу тенгсизликлар эса тинчлик ва тараққиётга ғов бўлиб, уруш, хунрезлик оловини ёқмоқда.
Беҳисоб шукр, Ўзбекистонда қайси миллат ва динга мансуб бўлмасин, қайси тилда гаплашмасин, ирқи, ижтимоий аҳволидан қатъи назар тўй – азаси бир, мақсад – муддаоси ягона, жонажон Ватанимизнинг порлоқ истиқболи учун қўлни қўлга бериб сидқидилдан меҳнат қилаётган, бир – бирига елкадош, бунёдкор халқ истиқомат қилмоқда. Халқимизнинг ўзаро аҳиллиги, меҳр-оқибати Ўзбекистонимизни бутун дунёга “дўстлик ва биродарлик улуғланган юрт” сифатида намоён қилиб, она диёримиздаги тинчлик – тотувлик ва тараққиётнинг гарови бўлиб хизмат қилади.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.