Партиядошимиз Ўзбекистон Қаҳрамони!

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси, халқ депутатлати Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдуллаевич Аюповга «Ўзбекистон қаҳрамони» унвони берилиб, олий нишон - «Олтин юлдуз» медали топшириладиган бўлди.

Ш.Аюпов 1952 йил 14 сентябрь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат университети (ЎзМУ)нинг математика факультетини тугатган (1974). Сўнгра Тошкент давлат университетида ўқитувчи (1977-79), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси математика институтида катта илмий ходим (1979-88), алгебра ва анализ бўлими мудири (1986-92), директор (1992-97), 1997-2003-йиллардан Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация комиссияси раиси лавозимларида фаолият юритган. Математик олим Шавкат Аюпов 1980-йилда Америка математика жамияти аъзоси, 1995-йилда ЎзР ФА ҳақиқий аъзоси (академик) этиб сайланди.

1996-йилда «Шуҳрат» медали, 2003-йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. 2008-йилда Монголия Фанлар академияси аъзоси этиб сайланди. Шунингдек, Ш.Аюпов Абдус Салом номидаги халқаро назарий физика маркази (Триест, Италия) ва Турк дунёси математика жамиятининг илмий жамғарма бошқармаси аъзоси ҳамдир.

У 2011-йилда давлатимизнинг юксак мукофоти – «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган.

Халқ демократик партияси дунё тан олган етук математик олим, Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, партиядошимиз, академик Шавкат Абдуллаевич Аюповни юксак унвон билан муборакбод этади.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

← Рўйхатга қайтиш