Бизнинг фракция ҳукуматга ўз позициясини маълум қилди

 

Маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш йиллик дастури доирасида 703 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиши якунланмаган, 1127 таси бўйича экспертиза хулосалари олинмаган, 413 та объект бўйича тендер савдолари охирига етказилмаган.

Шунча объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари ёғингарчилик кунларга қолиб кетиши лойиҳаларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатади…

 

Ҳукуматнинг Давлат бюджети ижроси бўйича Парламентдаги ҳисоботлари тобора қизғин муҳокама қилинмоқда. Кеча Қонунчилик палатасининг Ялпи мажлисида Ҳукумат ҳисоботи юзасидан муҳокамаларнинг якунлари бўйича Халқ демократик партияси фракцияси позициясини фракция раҳбари Улуғбек Иноятов маълум қилди:

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари ижроси бўйича ҳисобот Ўзбекистон ХДП фракция йиғилишида таҳлилий ўрганиб чиқилди.

Мамлакатимизда пандемия шароитида иқтисодиётни тиклаш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни Халқ демократик партияси фракцияси ижобий баҳолайди.

Ҳисоботнинг тузилишида, ўтган ҳисоботлар билан солиштирилганда, қатор ижобий ўзгаришларга эришилган. Бюджет ижроси таъминланмаган вазирликлар бўйича сабаблар аниқ изоҳлар билан кўрсатиб ўтилган.

Фракциямиз амалга оширилаётган ижобий ишларни эътироф этган ҳолда, Давлат бюджети ижроси бўйича бартараф этилиши зарур бўлган бир қатор масалаларга ҳам эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайди.

Биринчидан, Инвестиция дастурига киритилган объектларни тоифаларга бўлиб, ҳисоботини юритиш зарур. Яъни, йил бошида тасдиқланган Инвестиция дастурига қўшилиб борган объектларни алоҳида ҳисобга олишни йўлга қўйиш керак.

Иккинчидан, депутатларимизнинг жойлардаги ўрганишларида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш масалаларида саволлар ва асосли шикоятлар билдирилаяпти.

Маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш йиллик дастури доирасида 703 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиши якунланмаган, 1127 таси бўйича экспертиза хулосалари олинмаган, 413 та объект бўйича тендер савдолари охирига етказилмаган.

Шунча объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари ёғингарчилик кунларга қолиб кетиши лойиҳаларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Халқ демократик партияси фракцияси «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайди.

Учинчидан, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган маблағлар айрим вазирликларнинг масъулиятсизлиги туфайли ишлатилмасдан қолмоқда.

Фракциямиз ҳукуматдан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратилган маблағларнинг ишлатилмаслик ҳолатларини чуқур ўрганиб чиқиб, келгусида ушбу ҳолатларга барҳам бериш бўйича тегишли чоралар кўришни сўрайди.

Хусусан, бюджет ижросини таъминлашда ҳар бир вазирлик ва ташкилотларининг масъулиятини ошириш чораларини кўриш зарур.

Тўртинчидан, ҳукумат ҳисоботида келтирилган маълумотга кўра, бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни назорат қилиш борасида муаммолар сақланиб қолмоқда. Мақсадсиз ишлатиш ҳолатлари камайиш ўрнига кўпаймоқда. Мазкур йўналишда жойларда тезкор амалиёт олиб борадиган фаолиятни йўлга қўйиш зарур.

Фракциямиз Давлат бюджети маблағларини ишлатиш тизимини такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайди.

Халқ демократик партияси мамлакатимиздаги ижтимоий йўналтирилган ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида ўзининг депутатлик корпуси орқали фаол иштирок этишини маълум қилади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари.

“Ўзбекистон овози”, 25.08.2021, №32-33

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш