Имзо тўплаш ниҳоясига етди

 

Сайлов кодексининг 64-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатишнинг аниқ тартиби ва талаблари белгилаб берилган. Ундаги энг асосий талаблардан бири бу - Ўзбекистон Республикасидаги умумий сайловчиларнинг бир фоизи сиёсий партия томонидан кўрсатиладиган номзодни сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаб, ўз имзоларини қўйиб бериши борасидаги талабдир.

Марказий сайлов комиссиясининг 9 августдаги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та сайлов округлари тузилди. Мамлакатимиздаги умумий сайловчиларнинг сони – 21 миллон 266 минг 11 нафар, деб эълон қилинди. Қонунчиликка мувофиқ, партиядан кўрсатиладиган номзодни рўйхатга олиниши учун камида 212 минг 660 нафар сайловчилар ЎзХДПдан бўлғуси номзод сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаши лозим бўларди. Халқ демократик партияси вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари томонидан мазкур жараён уюшқоқлик билан олиб борилди. Айниқса, жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг Аёллар ва Ёшлар қанотларининг фаол аъзолари алоҳида фидойилик кўрсатдилар. Уларнинг саъй-ҳаракати билан 300 мингга яқин сайловчиларининг имзоси қонунчиликда белгиланган талаблар асосида тўпланиб, ҳозирда уларни Марказий сайлов комиссиясига топшириш мақсадида имзоларни саралаш ва текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этиш керак, имзо тўплаш тамомланганидан сўнг сиёсий партиянинг ваколатли вакили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширади.

Халқ демократик партияси номзодимизни қўллаб-қувватлаган барча юртдошларимизга миннатдорчилик билдиради.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш