Жондорда уй боғчаси очилди

 

Бухоро вилояти Жондор тумани “Дўстлик” кўчасида “Зайнаббегим” номли янги нодавлат уй боғчаси фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жондор туман кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган мазкур  муассасада барча шароитлар яратилган бўлиб, илк таълим жараёнидан кичкинтойларга чет тиллари ҳам ўргатилади.
 ЎзХДП Жондор туман кенгаши раиси Раҳмат Муродов билан  суҳбатда бўлганимизда  кенгаш раиси қуйидагиларни гапириб берди:

– Мустақиллик байрами арафасида Жамоатчилик қабулхонамизга  “Навгади” МФЙ аҳолиси ҳудудда болалар боғчаси йўқлиги, фарзандлари мактабгача таълимдан бебаҳра қолаётгани хусусида мурожаат қилганди. Шу масала бўйича мутасадди идораларга таклифлар юборилди, турли идоралар вакиллари билан маслаҳатлашилди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан янги қурилган намунавий уй жойлар ҳудудида уй боғчаси ташкил этилди. Фуқаро Санжар Тўхтаев 30 миллион сўм маблағ ҳисобига мазкур таълим муассасасини очди.

50 нафар болага мўлжалланган “Зайнаббегим” уй боғчасига кириб келишингиз билан турли кўргазмали ўқув қуроллари, ўйинчоқлар ва машғулотларни олиб бориш учун яратилган имкониятлар кайфиятингизни кўтаради. Бу қулайлик нафақат болалар, балки ота-оналарга ҳам маъқул келмоқда.

– Маҳалламизда уй боғчаси қуриш ҳақидаги мурожаатимиз бўйича тез фурсатда амалий иш қилинади, деб ўйламагандик, – дейди Замира Шарипова. – Бир ой муддат ичида шундоққина қўшни уйда боғча ташкил этилгани бизни хурсанд қилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги икки ойда 17 та мурожаат депутатлар томонидан ижобий ҳал этилган.

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш