Партиямиз фаоли, шоира Зулфия Мўминова Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимиз маънавиятини юксалтириш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ёрқин истеъдоди, серқирра ижоди, адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантириш, ёшларни она юртга муҳаббат ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги катта хизматлари ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланди.
Ҳассос ижодкор, ажойиб сафдошимиз Зулфия опани кўп минг сонли партиядошларимиз номидан юксак эътироф билан самимий табриклаймиз, мустаҳкам соғлик, ижодий парвозлар тилаймиз.
ВАТАН
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим — яна гўзал бўлди у.
Оққуш бўлди ҳар тушган қори,
Ҳар ёмғири асал бўлди у.
Қўлимга сув қуйди булоғи,
Шамоллари тугдилар сочиқ.
У қўлини очгани сайин,
Йўли бўлди шунчалар очиқ.
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим — яна дилбар бўлди у.
Оқ каптарлар — опам, синглиму
Жайронлари жигар бўлди у.
Гулзор ичра хонқизчалари
Лабин қўйди бармоқларимга.
Мусичаси тунлари юввош,
Юриб чиқди қабоқларимда.
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим — бахти бекам бўлди у.
Бўричалар эмишганларим,
Қоплонлари акам бўлди у.
Шу Ватанни севаман жондан,
Севдим — қатра қоним бўлди у.
Кўзим, сўзим, умри баёним,
Жоним бўлди, жоним бўлди у.