Мудираларнинг ҳаммаси ҳам юлғунчи эмас

 

Мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланиб, у ҳар томонлама соғлом ва баркамол шахсни тарбиялаб, мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, мамлакатимизда мазкур соҳани янада тараққий эттириш, фарзандларимиз учун барча шароитларни яратиш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишда нафақат давлат, балки нодавлат таълим муассасаларининг ҳиссаси сезиларли ортмоқда.

Бугунги кунда республикамиз бўйича 7 104 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Шундан давлат секторига тегишли муассасалар 5 667 тани ташкил этади. Улардан 5 604 таси Мактабгача таълим вазирлиги, 63 таси эса, бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаларидир. Кейинги пайтда нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг сони ҳам сезиларли ошиб бормоқда. Айни пайтда улар сони 1 437 тани ташкил қилади (652 таси хусусий, 206 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 579 таси эса оилавий мактабгача таълим муассасаларидир).Умуман, мазкур вазирлик ташкил этилгандан буён, мактабгача таълим муассасалари 5 211 тадан 7 104 тага, болаларни қамраб олиш даражаси 27,7 фоиздан 37,7 фоизга ошгани диққатга молик.

2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш Дастури доирасида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш борасида муайян амалий ишлар бажарилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури тўғрисида”ги қарори асосида 41 та мактабгача таълим муассасасини қуриш, 303 тасини реконструкция қилиш, 31 тасини мукаммал таъмирлаш (жами 375 та) белгиланган. 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 268 та объект фойдаланишга топширилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, жорий йилда 447 та, хусусан, 5 та янги мактабгача таълим муассасаси қуриш, 442 та мактабгача таълим муассасасини қайта таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Мазкур ишларга 1 654 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари бошланган. Хуллас, соҳада ўзгаришлари катта.

Аммо кейинги пайтларда мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, ходимлари ва тарбияловчиларнинг таъмагирлиги, ўғрилиги борасида турли хил асоссиз айбловлар кўпайиб кетди. Барча соҳада бўлгани каби, бу тизимда ҳам ана шундай инсонлар бор. Бу фактдан кўз юмолмаймиз. Хусусан, Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги мактабгача таълим муассасидаги 25 нафар тарбияланувчи заҳарлангани билан боғлиқ воқеадан кейин мана шундай танқидлар кўпайиб кетди. Айрим депутатларимиз ҳам болани соғлом, тарбияли ва билимли бўлишини ташкил қилишдек масъулият юкланган шахслар болалар озуқасини ўғирлаши, сифатлисини ўзи еб, болаларга яроқсизини едиришини таассуф ила қайд этишмоқда. Болалар боғчаларида вазифасига хиёнат қилаётганлар, болаларнинг ҳақи ва вақтини ўғрилаётганларга нисбатан чоралар белгиланиши лозимлиги юзасидан бонг урилмоқда. Беш қўл баробар бўлмаганидек, боғча мудиралари ва тарбияловчиларининг ҳаммасини ҳам ўғрига, таъмагирга чиқариб бўлмайди. Кун бўйи болажонларимизни оқ ювиб, оқ тараб, меҳр бераётган, уларни тарбиялаётган мураббийлар ҳақида асоссиз айбловларни илгари суриш адолатдан эмас. Болаларимизни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик ва жисмоний ривожлантираётганлар, уларнинг мактабга тайёргарлик даражасини тубдан оширишга хизмат қилаётганлар айнан боғча опаларимиз эканлигини унутмайлик.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш