Киндик қонимиз тўкилган бу заминнинг ҳар бир қарич ери, ҳар ҳовуч тупроғи қадрли. Бугун ҳар бир юртдошимиз унинг равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаяпти. Улар бугунимизнинг кечагидан, эртанги кунимизнинг бугунимиздан-да порлоқ ва турмушимизнинг янада фаровон бўлиши учун яшамоқда. Ана шу йўлда фидокорона хизмат қилаётганлар орасида аёлларимизнинг ҳам ўрни баланд. Бугунги кунда ўзбек аёлларининг нафақат оила ва фарзандлар тарбиясидаги ўрни, балки, мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси ҳам беқиёс. Юртимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аёллар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, жумладан, бандлигини таъминлаш, соғлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларнинг турмуш даражасини яхшилашга эътибор юксак даражага кўтарилди десак хато бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида сўзлаган нутқида, мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида аёлларнинг ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашга алоҳида тўхталди.
Барчамизга маълумки, ўтган қисқа давр мобайнида хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, улар аҳволини тубдан яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони, 2 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори ва 4 та фармойиши қабул қилиниб, изчил амалга оширилмоқда ва самарали натижалар бермоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун барча шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, аёллар ва оила масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, мазкур сиёсатни мамлакатимиздаги барча идора ва ташкилот раҳбарлари қўллаб-қувватлаётгани ва уни амалга оширишда фаол иштирок этаётганлигига барчамиз гувоҳ бўлаяпмиз. Айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган хотин-қизлар ижтимоий ҳимояси борасида мамлакатимизда мисли кўрилмаган ишлар олиб борилаётганини нафақат мамлакатимиз балким, жаҳон ҳамжамияти, нуфузли халқаро ташкилотлар, чет элликлар ҳам тан олиб, қизиқиш билдиришмоқда, биздан тажриба ўрганишга ҳаракат қилишмоқда. Ўз навбатида бу масаланинг бутун дунёдаги бугунги ҳолатига эътибор қаратадиган бўлсак, маълумотлар шуни кўрсатадики, жаҳонда мавжуд жамиятлар аҳолисининг ярмини, ҳаттоки ундан кўпроғини аёллар ташкил этади, аммо инсон фаолиятининг ва жамиятнинг кўпгина мураккаб соҳалари, яъни билим, ихтисос, малака, кўникмалар талаб қилинадиган соҳаларида уларнинг иштироки ниҳоятда оздир. Шунингдек, ҳозирги кунда дунёдаги ўта камбағал одамларнинг 60 фоиздан ортиғини, саводсиз аҳолининг эса учдан икки қисмини аёллар ташкил қилади. Мактабга жалб қилинмаган болаларнинг ҳам учдан икки қисми қизлар ҳисобланади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан. Бу мисолларни келтиришидан мақсад - қиёсий таҳлилгина бугунги ислоҳотларнинг мазмун - моҳиятини янада чуқурроқ англаш имконини беради. Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатга ана шундай таҳлилий нуқтаи назардан ёндашсак, унда хотин - қизлар ҳаёти билан боғлиқ бир қатор жиддий муаммоларнинг аниқ ечими ифода этилаётганлиги ва бу муаммоларни бартараф этишда мустаҳкам пойдевор бўлаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Яна бир қувонарли жиҳати хотин-қизларнинг ҳақ - ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оила ва жамиятдаги нуфузини оширишда республикамиздаги мавжуд барча вазирлик ва идоралар кенг жалб қилинаяпти, бугун аёллар масалаларига барча ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари бошқача кўз билан, яъни ижобий ва жиддий қарашмоқда. Бундай ёндашув амалий ва самарали натижаларни бермоқда, хотин-қизларнинг яхши яшаши, меҳнат қилиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бундай имконият албатта ҳар бир аёлда меҳнатга, ўз иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқаришга, янги ғоялар устида ишлашга, ташаббускорлик кўрсатишга иштиёқ ҳамда келажакка ишонч уйғотаяпти. Янги-янги ютуқ ва марралар сари етаклаяпти, иқтидорли, қобилиятли, билимли, салоҳиятли хотин-қизлар сафи кенгайиб бормоқда.
Аччиқ бўлса ҳам тан олишимиз керак, узоқ йиллар аёллар муаммоларига етарлича эътибор қаратилмаган, лекин эътироф этиш жоизки, бугун Ўзбекистонда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни ишга жойлаштириш, уй-жой билан таъминлаш, бир сўз билан айтганда ҳар қандай муаммоларнинг ечими юзасидан аниқ, ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилган ва самарали натижалар бермоқда.
Аммо соҳада муаммолар ҳам йўқ эмасди. Хотин-қизлар қўмиталари, «Маҳалла», «Нуроний» тузилмалари, «Оила» илмий-амалий маркази фаолиятидаги камчиликларни ҳисобга олиб, 2020 йил 18 февраль куни давлатимиз раҳбари янги фармонга имзо чекди. Унга кўра жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини қўллаб-қувватлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш бўйича қатор чоралар белгиланди. Жумладан, «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизим жорий этилди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди. Вазирлик томонидан муаммоларнинг туб моҳиятига етиш учун уни таҳлил этиб, мониторинг қилиб ўрганиш жуда яхши натижа берди, кўплаб оилалар тикланди, яраштирилди. Ажрим кўрсаткичлари юқори бўлган ҳудудлардан бошлаб барча вилоятларда психологлар, шифокорлар, аёллар маслаҳатчилари жалб қилинган Аёллар ижтимоий мослашув марказлари фаолияти йўлга қўйилди ва такомиллаштирилди. Ҳаётнинг муайян бир босқичида психологик жиҳатдан оғир вазиятда қолган аёлларга, қамоқхонадан чиққан хотин-қизлар, балоғатга етган ўтиш ёшидаги қизларга ҳам мутахассислар томонидан керакли ёрдам берилишини самарали ташкил этиш ва молиявий манбалар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Хотин-қизлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида муайян ишлар ташкил этилаётгани эътиборга молик.
Айни кезларда Давлатимиз мустақиллигига 30 йил тўлмоқда. Ушбу шонли санани, барчамиз биргаликда муносиб нишонлаймиз. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, миллий юксалиш пойдеворини яратишга қаратилган улкан ишлар давом этади.Мен фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни, сайловчиларимизни табриклайман. Юртимизда яшаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсон мурод-мақсадига етсин! Жонажон Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнасин, дунёмиз тинч бўлсин! Истиқлол айёми барчамизга муборак бўлсин!
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.