Бўлажак номзоднинг сайловолди дастури такомиллаштирилмоқда

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида Президентликка бўлғуси номзоднинг Сайловолди дастурини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатиладиган номзоднинг бўлажак Президентлик сайловларидаги дастурини такомиллаштириш учун Ишчи гуруҳи аъзолари, экспертлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, минтақавий партия кенгаши аппарати ходимлари ва фаоллари ўз таклиф ва тавсияларини билдиришди.

Маълумки, ЎзХДПнинг 6 сентябрга белгиланган Қурултойи кун тартибига “Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди дастури тўғрисида”ги масала ҳам киритилган. Шу нуқтаи назаридан дастурни такомилига етказиш, таклиф ва тавсияларни умумлаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Йиғилиш қатнашчилари тўпланган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни яна бир бор таҳлил қилиб, муҳокама қилишди. Дастур лойиҳасининг асосий мақсади мамлакатимизда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос бўлган давлат ва жамият барпо этишдир. Дастур лойиҳасида тўққизта йўналишда таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш, ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш, олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли, шу жумладан профилактика тиббий хизматларни ўз ичига олган тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа йўналишлар.

Йиғилиш якунида билдирилган таклифлар Ишчи гуруҳи томонидан умумлаштирилиб, партиянинг бўлажак номзоди Сайловолди Дастурини такомиллаштириш, унга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш