Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 23 августдаги Фармонига кўра, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини оширишга катта ҳисса қўшаётган, давлатимиз иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда ибрат ва намуна бўлиб келаётган, жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди. Улар орасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолларининг борлиги ҳам бизни қувонтиради.
Бугун партия Марказий Кенгашида эсдалик нишонини ўз эгаларига топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов йиғилиш иштирокчиларини, партиямизнинг кўп минг сонли аъзоларини, фаолларимизни халқимизнинг энг азиз ва энг улуғ байрами — Мустақилликнинг 30 йиллиги билан самимий табриклади. Партия етакчиси ўз нутқида истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, қўлга киритилган муваффақиятлар, мустақилликни мустаҳкамлаш, ватанимизни тараққий эттириш борасида амалга оширилган ва оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари Тўлқин Тўрахонов, Марказий Кенгашнинг масъул ходимлари Михаил Ельшов, Бахтиёр Абдуллаев, Малика Рашидова ва Аброр Қурбоновга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишони топширилди.
Кўп минг сонли партиядошларимиз номидан мукофотланган сафдошларимизни табриклаймиз!
ЎзХДП Ахборот хизмати