Халқимизга холис хизмат қилайлик

 

Бизга ота-оналар, болалар, яқин хеш-ақраболар қимматлидирлар, лекин муҳаббат бобидаги барча тасаввурларимиз биргина «Ватан» отли сўзда мужассамлашгандир.

ЦИЦЕРОН

 

Ватан инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғи, маҳалласи ва қишлоғи билан таърифланади. «Ватан» сўзи араб тилида туғилиб ўсган жой, она юрт маъносини англатади. Унга муҳаббат юксак инсоний фазилат. Бу борада “Ватанни севмоқ имондандир” ҳикматини эсга олишнинг ўзи кифоядир.

Бизга маълумки, Ватанга бўлган муҳаббат жой, макон ва вақт танламайди. Ватан музликларда, саҳроларда, чангалзорларда бўлиши мумкин. Бу туйғу инсон туғилиши билан вужудга келиб, вафот этиши билан ўз поёнига етади.

Буюк аждодларимиз Нажмиддин Кубро ватан ҳимоячиси қандай бўлишига ёрқин мисол бўла олади. Минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб келганидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб ҳимояга отланади. Мўғул ҳукмдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишини таклиф қилади. Бироқ Ватанини ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киришади, лашкарларни олға чорлаб бораётганида шаҳид бўлади.

Лекин Ватан севгиси инсондан бир қарашда маҳобатли кўринмайдиган, оддий фаолиятидан кам фарқ қиладиган, аслида эса жуда машаққатли меҳнатдан иборат бўлган кундалик жасоратни талаб қилади. Донишмандлардан бирининг айтишича, “Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғармаклари даркордир...”

Ўзбекистондек тинчлик қарор топган юртда яшаётганингиздан, дориломон кунлар шукуҳидан баҳраманд бўлаётганингизга шукроналар айтасиз. Ҳар куни эрталаб фарзандларингиз кўзидаги қувонч, бахтли болалик нашидаларни кўриб, ТИНЧЛИК, ХОТИРЖАМЛИК нақадар буюк неъмат эканини яна бир бор ҳис қиласиз.

Имом Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Инсоннинг хору зор бўлиши учун Ватани ва яқинларидан айрилишнинг ўзи кифоя!”, деган.

Кимдир уй қурмоқда! Демак, хонадони тинч. Топгани баракали эканки, уй қурмоқда. Бошқа бири тўй қилмоқдаки, эл юрт тинч, тўй қилиб, фарзандларига бахт тиламоқда. Эркин, ўз тилимизда гапириб, урф отатларимизни қиляпмизми, демак, ўзгага муъте, қул эмасмиз.

Юртимиз, динимиз ва халқимизга холис хизмат қилайлик. Хонадонимизнинг тинчлиги юрт тинчлиги. Уйингизда уруш-жанжал йўқми, болаларингизни илмли, оилангизни тўқ, бекаму кўст яшаши учун интиляпсизми? Болангизга шаҳодат калимасини ўргатиб Аллоҳни танитяпсизми, оила аъзоингизни миллий қадрият, санъат ва аждодлар тарихи билан ошифта қиляпсизми?! Демак, сиз юртингизга хизмат қиляпсиз.

Ватан фақат неъматларни тортиқ қилувчи макон эмас, балки бизнинг фидойилигимиз, содиқлигимизга муҳтож онадир. Ватан ободлиги, эл фаровонлиги ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Биз фарзандларимизга эркин ватанни мерос қолдиришни истар эканмиз, бунинг учун нафақат камчилик ва етишмовчиликдан нолиш, балки енг шимариб ҳамжихатликда меҳнат қилиш, фарзандларимизни илмли, ҳунарли, энг муҳими, ватанга садоқатли қилиб тарбиялаш бурчимиздир.

Бугун Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигини байрам қилаяпмиз, қанча аждодларимиз бу кунни умр бўйи орзу қилганлари, бу йўлда жон фидо қилганларини эслашнинг ўзи бу кун қанчалар табаррук эканини билдиради.

Мустақиллик барчамизга муборак бўлсин, ўз она тилимида сўзлаш, мустақил фикрлаш, эркин қарор қабул қилиш, ўз тарихи билан фахрлана олиш имконияти барчамизга абадий бўлсин.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

 

 

← Рўйхатга қайтиш