Шу кунларда Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини катта тантаналар билан нишонлаяпмиз. Кўпчилик байрам кайфиятида. Аммо абитуриентлар эмас. Улар мандат қачон чиқаркин, ўқишга кирдимми ёки йўқ, деган ўйда юрагини ҳовучлаб юрибди. Кўнглига чироқ ёқса, ёришмайди.
Аслида натижалар тест тугаган кундан бошлаб, бир ҳафта муддатда чиқиши шарт. Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига рақамлаштириш кириб келган, имтиҳон саволларининг жавоблари тўғрилигини компьютер текшираётган вақтда натижаларни чўзиш кимга керак бўлиб қолди? Ижтимоий тармоқларда “адолатсизлик қачон барҳам топади”, қабилидаги саволлар бежиз илгари сурилаётгани йўқ. Тўғри, абитуриент қанча балл олганини қисқа муддатда билиб олаяпти, аммо мандатни эълон қилишга, наҳотки, бир ойга яқин вақт кетса? Бизнингча, ҳамма соҳа рақамлаштирилган даврда “баҳона излаш” бефойда. Ҳеч бўлмаганда Давлат тест маркази мутасаддилари халқ олдида ҳисобдорлигини англаб, ўз ҳаракатларига вақтида изоҳ беришлари керак.
Аҳоли, айниқса умидвор ёшларнинг талабига жавоб бера олмайдиган Давлат тест маркази фаолиятини бутунлай қайтадан кўриб чиқиш керак.
Инсон катта ҳаётга таълим орқали кириб келади, олий таълимдаги адолатсизлик ёшлар қалбида жамиятга, ўз келажагига ишончсизлик билан қарашга сабаб бўлади.
Ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганганимизда уларда биздаги каби ўқишга кириш бўйича баъзи тоифаларга имтиёзлар эмас,юқори билим учун рағбат, стипендиялар, таълим грантлари мавжудлигини кўрамиз. Бу албатта, барча учун баробар қилиб қўйилган: билиминг бўлса, марҳамат, стипендия, грант ютиб олиб имкониятларга эга бўл. Ҳеч кимга қўш қўллаб имтиёз тақдим этилмайди.
Таълимда аҳолининг барча қатламларига тенг имкониятлар яратиш мақсадида олий ўқув юртларига киришдаги имтиёзлар тизимини жиддий ислоҳ этиш зарур. Имтиёзлар фақат республика ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун (махсус шартлар асосида, ўз йўналишлари бўйича) қолдирилса, мантиқан тўғри бўлади. Қолган барча абитуриентлар соғлом рақобат муҳитида, адолат мезони бўйича сараланиши даркор.
Тўлов-контракт миқдорини белгилашда ҳам аҳолининг реал даромадларини ҳисобга олиш адолатдан бўлар эди. Зотан, айрим абитуриентлар контракт пулини тўлашга қурби етмагани боис ўқишни ташлаб кетаётганини биламиз. Шунга мувофиқ, аҳолининг кам даромадли қатлами учун ҳам мақбул келадиган таълим кредити линиясини ишлаб чиқиш, уларга грантлар ажратиш, контракт миқдорини қабул пайтигина эмас, балки ўқиш жараёнида ҳам дифференциаллаштириш мақсадга мувофиқдир. Масалан, талаба ўқув йилини аъло баҳоларга тугатса, бу унинг стипендиясига ҳам, контракт миқдорига ҳам таъсир кўрсатсин. Шунда ёшларда илм олишга ишитиёқ кучаяди, таълим сифати ортади. Жамиятимиз юқори билимли, ватанпарвар, қизиқувчан, адолат тамойилларида тарбия топган ўтюрак кадрларга жуда муҳтож.
Мақсуда Ворисова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.