Мустақиллик – буюк неъмат. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам замини бўлиб хизмат қиляпти. Ана шундай ҳуқуқ ва эркинликлар берган жонажон ватанимизнинг давлат мустақиллиги қўлга киритилгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганининг 30 йиллиги юртимизда катта тантана ва шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.
Байрам тадбирларидан бири Хива шаҳрида бўлиб ўтди. “Ватаним — фахрим!” шиори остида ташкил қилинган маънавий-маърифий тарғибот тадбирида Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят ва шаҳар кенгашлари масъул ходимлари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, ҳамкор ташкилотлар, партиянинг аёллар ва ёшлар қаноти аъзолари иштирок этдилар. Тадбирни Ўзбекистон ХДП Хива шаҳар кенгаши раиси З.Искандарова очиб бериб, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан йиғилганларни муборакбод этди.
Хива шаҳар маданият бўлими санъаткорлари ўзларининг куй-қўшиқлари ва бадиий чиқишлари билан тадбир иштироқчиларини мамнун қилдилар. Тадбирда янграган ватанни мадҳ этгувчи куй-қўшиқлар даврага ўзгача файз-тароват бағишлади. Айниқса, тадбирда ташкил қилинган сиёсий савол-жавоблар викторинасида ёшлар ўзларининг теран фикрлари ва сиёсий билимларини намойиш этишиб, викторина ғолиблари партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши