Мақсуда Ворисова Ўзбекистон Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан номзод сифатида кўрсатилди

 

2021 йил 6 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XII қурултойи бўлиб ўтди.

Унда партия аъзолари томонидан ҳудудлардан сайланган делегатлар, партия Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қурултой кун тартибида “Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди дастури тўғрисида”ги масалалар кўриб чиқилди.

Қурултойда 2021 йил 24 октябр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий сайлов қонунчилигининг янги тамойиллари, умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида, очиқ ва шаффоф ўтказилиши, сайлов кампанияси даврида барча сиёсий партиялар ва улар томонидан кўрсатилган номзодлар учун соғлом рақобат муҳити, тенг шароит яратилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Миллий сайлов қонунчилиги мамлакатимизда ўтказилган ўнга яқин сайловларда тўпланган бой амалий тажриба, халқаро сайлов стандартлари, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданиятининг юксалиб бориши ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга мос тарзда, тадрижий ривожланиб, такомилга етиб бораётгани эътироф этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди.

Партия Марказий Кенгашининг 7 август куни бўлиб ўтган пленумида Халқ демократик партиясидан ЎзХДП Марказий Кенгаши раис ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Азизовна Ворисова номзодини илгари суриш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 63-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ваколатли вакили Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат сўраб Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларни топширди. Ҳужжатларни ўрганиб чиққан Марказий сайлов комиссияси ЎзХДПнинг 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида иштирок этиши учун ижозат берди.

Мақсуда Ворисова 1961 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. 1984 йили Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги – шифокор. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Ўзбекистон ХДП аъзоси.

У қатьий сиёсий иродага эга, жамият манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйишдек фазилат соҳибаси, фидойи раҳбар сифатида партиянинг кўп минг сонли аъзолари ва халқимиз ўртасида катта ҳурмат ва эътиборга эга.

Мақсуда Ворисова Халқ демократик партиясининг электорати бўлган эҳтиёжманд фуқароларни сифатли, тиббий хизмат билан таъминлаш бўйича бирламчи бўғинда узоқ йиллар фидойилик кўрсатган.

Унинг таклифлари ва шахсий ташаббуси асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича Парламент комиссияси ташкил қилинган. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ушбу комиссияни самарали фаолият олиб боришга масъул этиб белгиланган.

Мақсуда Ворисова кўп йиллик депутатлик, сенаторлик фаолияти давомида давлат ва жамият бошқаруви, ички ва ташқи сиёсат, ҳуқуқ ва ижтимоий ҳимоя масалаларида улкан тажриба тўплаган, халқ хақида ғамхўрлик қилувчи, тажрибали сиёсатчи аёллардан биридир.

Қурултойда номзод масаласи бўйича бир қатор фикр-мулоҳазалар тингланди. Муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан Мақсуда Азизовна Ворисовани номзод сифатида кўрсатиш ҳақида якдил қарор қабул қилинди.

Мақсуда Ворисовани Президент сайловида номзод сифатида кўрсатилиши партия тарихида янги саҳифа очади, у киши Халқ демократик партиясидан Президентлик учун биринчи аёл номзод бўлади.

Таъкидланганидек, сайлов кампаниясининг ҳар бир босқичида масъулият билан иштирок этиш, аввало, жамоатчиликка, электорат вакилларига партия ташкилотлари ҳамда депутатларимизнинг амалий ишлари ҳақида кенг ахборот бериб бориш муҳим аҳамиятга эга. Сайловдан кейинги қарийб икки йиллик фаолиятимиз натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, 2019 йилги сайловолди дастурда белгиланган 82 та вазифадан бугунги кунгача 32 таси ёки 40 фоизини амалга оширишга эришилди.

Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг Сайловолди Дастури тўғрисидаги масала қизғин муҳоқама қилинди.

Дастур лойиҳасининг асосий мақсади мамлакатимизда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос бўлган давлат ва жамият барпо этишдир.

 

Дастур лойиҳасида тўққизта йўналишда таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан:

- аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш;

- ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш;

- олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш;

- аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли, шу жумладан профилактика тиббий хизматларни ўз ичига олган тиббий ёрдам кўрсатиш;

- ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш;

- пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимни шакллантириш;

- кам таъминланган, лекин боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятимизнинг фаол иштирокчисига айлантириш;

- ногиронлиги бўлган шахсларга оид халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш;

- умумхалқ аҳамиятига эга иқтисодиёт тармоқларининг бошқарувида давлат иштирокини мустаҳкамлаш.

Қурултой делегатлари номзоднинг Сайловолди дастурини шакллантириш бўйича бир неча ой давомида изчил иш олиб борилгани, бошланғич ташкилотлардан тортиб, ҳудудий кенгашларгача таклифлар шакллантирилгани, партиянинг кўп минг сонли фикри ва қарашлари дастурда ўз ифодасини топаётганини таъкидлашди.

Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан кўрсатиладиган номзоднинг Сайловолди дастури тасдиқланди.

 

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 

Теглар

Қурултой sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш