Қонун лойиҳалари партия нуқтаи назаридан кўриб чиқилди

 

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари ва фракция фаолиятига оид масалалар кўрилди.

Фракция аъзолари аъзолари “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар. Ушбу Қонуннинг мақсади рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш (рекламанинг айланиши) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун лойиҳаси қизғин мунозараларга сабаб бўлгани ва жиддий тузатишлар киритилгани таъкидланди. Хусусан, мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда 7 боб, 51 моддадан иборат бўлгани ҳолда, ҳозирга келиб 8 та боб, 54 моддага келтирилди. Фракция аъзоси Зуҳра Шодиеванинг айтишича, “Реклама тўғрисида” ги қонун лойиҳаси мукаммал тайёрланган ва у реклама берувчининг барча саволларига тўлиқ жавоб беради.

“Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Лойиҳа 4 та қонунга ўзгартиш киритишни назарда тутади. Мазкур ўзгартишлар Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш, унинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларига аниқлик киритиш билан боғлиқ.

Шунингдек, депутатлар “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини муҳокама қилдилар. Ушбу Қонуннинг мақсади нобанк кредит ташкилотларини ташкил этиш, уларнинг фаолият кўрсатиши ва фаолиятини тугатишини ҳамда микромолиялаш фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шу пайтгача нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги ягона ҳуқуқий ҳужжат бўлмаган. Қонун билан микромолия ташкилотларига, ломбардларга ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларига; микроқарз ва микрокредит бериш бўйича микромолиялаш фаолиятини амалга ошириш қисмида – банкларга; нобанк кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қисмида – товар истеъмол кредитларини берувчи ёки лизинг хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларга, шунингдек қонунчиликка мувофиқ жисмоний шахсларни кредитлашни амалга оширишга рухсат этилган бошқа юридик шахсларга татбиқ этилади. Фракция аъзолари томонидан лойиҳанинг айрим бандларига тузатишлар киритиш кераклиги юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Фракция аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳам атрофлича кўриб чиқдилар. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 300 декабрда қабул қилинган қонун билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига бир қатор қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, 426-модданинг иккинчи қисми 12-банди “кўп квартирали уйлар” деган сўзлардан кейин “ва ётоқхоналар” деган сўзлар билан тўлдирилмоқда. Иккинчидан, 483-модда тўртинчи – еттинчи қисмлар билан тўлдирилиши кўзда тутилмоқда. Хусусан, “Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида янгидан ташкил этган ҳолда шу ҳудудларда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) 2024 йил 1 январга қадар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорларини тўлашдан озод қилинади.

Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябрга қадар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод этилади. Бунда, зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари рўйхати халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланади”.

Шундан сўнг фракция аъзоларининг 2021 йилнинг 6 ойи давомида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисида депутат Мавжуда Ҳасанованинг маърузаси тингланди. Таъкидланганидек, фракция аъзолари ҳар бир келиб тушган мурожаатни қонун доирасида чуқур ўрганиб, таҳлил қилинган. Асосли мурожаатлар тегишлилигига қараб, мутасадди давлат идораларига депутатлик сўрови юборилган.

Букмекерлик фаолиятини қонун жиҳатдан тартибга солишни ўрганиш бўйича ахборот-таҳлилий маълумотнома фракция аъзолари муҳокама қилган сўнгги масала бўлди. Гап шундаки, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан букмекерлик фаолиятини қонун жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги масала ўрганиб чиқилди.

Афсуски, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам онлайн қимор, айниқса, ёшлар орасида спортга пул тикиш (беттинг) оммалашиб бормоқда. Бунинг оқибатида оилавий низолар, турли хил кўнгилсиз ҳодисалар юзага келмоқда. Шунингдек, барча маблағлар хорижий платформаларга ноқонуний тарзда сарфланмоқда. Бу эса, давлат ғазнасига келиб тушиши мумкин бўлган потенциал даромаддан маҳрум қилмоқда. Таҳлиллар давомида букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмлари, хусусан, фаолият юритиш талаблари, рухсат бериш тартиб-таомиллари, букмекерлик фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар ижтимоий муносабатларнинг қонун билан тартибга солинмаганлиги аниқланди.

Бир қатор хорижий давлатларда (Буюк Британия, Испания, Италия, Германия, Россия, Украина, Қозоғистон) букмекерлик фаолиятини амалга ошириш қонун билан тартибга солинади. Буюк Британия қонунчилигида (Gambling Act, 2005) вояга етмаган шахсларни қимор ва гаров ўйинларидан ҳимоя қилиш масалалари, хусусан, вояга етмаган шахсларни қимор ва гаров ўйинларига жалб қилганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини тайёрлаш ҳамда Лойиҳага кўра Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонунларига, хусусан, Фуқаролик кодекси, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Солиқ кодекси ва бошқа қонунларга букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмлари, хусусан, фаолият юритиш талаблари, рухсат бериш тартиб-таомиллари, букмекерлик фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар назарда тутувчи нормаларни киритиш таклиф этилмоқда. Ушбу ташаббусни амалга ошириш орқали букмекерлик соҳасидаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга эришилади.

Розилик берилган тақдирда, Институт ҳамда масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилади ва тегишли қонун лойиҳаси тайёрланади.

Йиғилиш давомида ҳар бир қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси электорати манфаатидан келиб чиқиб, қизғин муҳокама этилди. Кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш