СИЁСИЙ СУБУТСИЗЛИК

Сиёсатда шахснинг жинси эмас, мақсад бирламчидир. Давлатнинг халқ олдида бурчли эканини таъминлашга интилиш ғояси атрофида бир эмас, минглаб, миллионлаб одамлар бирлашади. Ҳамма нарсани бир шахсга боғлаб, барчасини унга юклаб қўйиш охири фалокатга олиб боради. Демократик жамиятни якка шахс эмас, институтлар, халқ, жамоат назорати мувозанатда ушлаб туриши керак.

Биттагина шахснинг инон-ихтиёрига бўйсундирилган сиёсий ташкилотда эса мақсад мавҳумлашиб бораверади, арзон пиарга ружу қўйилади. Халқдан узоқлашилади, муаммоларда бошқарувчиларни эмас, одамларнинг ўзини сабаб қилиб кўрсатишгача бориб етилади.

Қадриятларга асосланган тараққиётни даъво қилаётганлар фуқаронинг фундаментал ҳуқуқига зид фикр билдириб турса, эртага сиёсий, ижтимоий, маънавий паранжилар яратиш даъвоси билан чиқиши ҳам эҳтимолли ҳолат.

Бундай кишиларнинг “қадрият”, деган талаффузи мудҳиш ўтмишнинг ёқимсиз ҳидига қоришгандек туюлади. Улар “чириган” Ғарбдаги Германия халқи бир аёлга ишонганининг сабаби мамлакатда дурустроқ эркаклар йўқлигида, дейишгача бориб етиши мумкин.

Бир масалада ҳар куни ҳар хил гапирадиган кишилар мамлакат бир ёқда турсин, кичкина жамоани ҳам сарсон қилади. Давлат бошқарувида бугун бир йўлдан, эртага бошқасидан юриб бўлмайди. Сиёсатда жинс эмас, субутсизлик хавфли.

Одам дўппи кийгани билан муносиб бўлиб қолмайди.

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш