Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир...

 

Шу йилнинг 8 сентябрида ижтимоий тармоқларда қўшиқчи Жасур Кенжаев томонидан “аёллар машина ҳайдашни уддалолмайди” мазмунидаги видеоёзув тарқалди. Хусусан, Ж.Кенжаевнинг сўзларига кўра, “агар аёл 100 йил ҳаракат қилса ҳам, машинани қандай ҳайдашни тушунмайди, аёллар бас қилинг, рулни эркакларга беринг. Сиз йўлларда қон тўкаяпсиз”.

Афсуски, орамизда кечагина саҳна юзини кўрган ёки эндигина телевизор экранларида пайдо бўлган “юлдузлар” алифни калтак деб билиб, ақли етмаган ва етмаган ишларга аралашадиган, одамларга маслаҳат берадиган, кимларнидир камситадиган ҳоллар учраб турибди. Қолипга сиғмайдиган “бидир-бидирлар” жамият аъзолари орасида турли муносабатларга сабаб бўлмоқда. Ушбу видеолавҳа ижтимоий тармоқларда жадаллик билан тарқалди, катта сондаги изоҳларни, тортишувларни келтириб чиқарди. Изоҳлар орасида қўшиқчи шаънига салбий фикрлар ҳам кўп.

Буюк аждодимиз Алишер Навоий ҳазратлари шу ҳақда гапира туриб, “Олдига қўйганни емоқ ҳайвоннинг иши, оғзига келганни демоқ нодоннинг иши”, деганлар. Бу шуни англатадики, гап икки тишнинг орасидан чиқишидан олдин, гапирадиганим тўғрими, нотўғри эмасми, бировнинг дилига озор бермаскан, деб тафаккур қилиб олишимиз керак. Ахир, айтиладиган битта ножўя сўз инсоннинг жиноий ёки маъмурий жазога тортилишига сабаб бўлади.

Қайд этиш керакки, ушбу мавзу «NeMolchi.uz» лойиҳасида ҳам кўтарилган. Таҳрият ўзининг телеграм-каналида қўшиқчининг “Сиз йўлларда қон тўкаяпсиз”, қабилидаги сўзларидан иқтибос келтиргани ҳолда, дунёдаги аксарият ўлимга олиб келадиган йўл транспорт ҳодисаларини эркаклар амалга ошираётганини таъкидлайди. «NeMolchi.uz» таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 327 моддасига мувофиқ, Бош прокуратурадан текширув ўтказишни ва жиноят аломати аниқланган тақдирда Ж. Кенжаевга нисбатан Жиноят кодексининг 141 (“Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш”) моддаси бўйича жиноиий иш очишни сўраган.

Барчанинг ижтимоий тенглиги ва ижтимоий адолат ғояларини илгари сураётган Ўзбекистон Халқ демократик партияси аёлларга нисбатан нохолис ва адолатсиз баёнотларни қоралайди. Келажакда бундай ҳолатлар такрорланмасли керак. Бизнингча, оммага таниш инсон томонидан камситувчи фикрлар билдирилиши давлатнинг имижига, обрў-эътиборига, жамиятни демократлаштириш борасидаги ислоҳотларга ва республикамизда аёллар мақомини кўтаришга қаратилган интилишларга салбий таъсир кўрсатади. Яна бир гап. Ж. Кенжаев видеороликни ёзиш пайтида автомобил рулида йўл бўйлаб ҳаракатланаётган бўлган. Бу ҳам йўл ҳаракати қоидаларининг қўпол бузилиши ҳисобланади. Бошқаларга тош отишдан олдин ўзимизнинг хатоларимизни тўғрилашни ўргансак, яхши бўлармиди?!

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш