“Кузатувчи – сайлов жараёнининг муҳим иштирокчиси"

 

Демократик ҳуқуқий давлатни тараққий эттириш ва фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришда сайлов жараёнларининг аҳамияти беқиёсдир. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб тараққиётимизнинг ҳозирги давригача миллий сайлов қонун ҳужжатлари ва халқаро сайлов стандартларига асосланган демократик сиёсий жараёнлар амалга оширилмоқда.

Миллий сайлов қонун ҳужжатларида ва халқаро сайлов стандартларида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш босқичларида кузатувчилик институтининг ўрни беқиёс бўлиб, биринчидан, сайлов кампаниясининг очиқ ва ошкора ўтишига хизмат қилади, иккинчидан, сайлов комиссиялари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Кузатувчилар – тегишли тартибда бериладиган мандатга биноан сайлов участкаларида ҳозир бўладиган сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг кузатувчиларидир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган “Кузатувчи – сайлов жараёнининг муҳим иштирокчиси" мавзусида семинар-тренингда вилоят ва шаҳар кенгашлари ходимлари, партиядан кўрсатилган кузатувчилар, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Семинар-тренингда дастлаб Ўзбекистон ХДП Бухоро шаҳар Кенгаши раиси Робия Казимова сиёсий партиядан кўрсатилган кузатувчилар тўғрисида маълумотларни бериб ўтди.

Партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Шоҳиста Набиева кузатувчиларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳақида тўхталиб ўтди. Кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси ва меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиши лозимлиги хусусида тушунчалар берилди.

Семинар-тренинг иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олдилар ва бу каби тадбирлар сайлов кампаниясини ОАВда ёритишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

 

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

 

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш