Жамоатчилик қабулхоналари: мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига турли масалаларда ёрдам сўраб келган фуқароларга “тушунтириш берилди”, “тегишли ташкилотга мурожаат қилиш тушунтирилди” каби мурожаатни ёпиш шаклларига мумкин қадар ўрин қолдирмасликка, муаммоларга депутатларнинг кўмаги билан амалий ечим топишга ҳаракат қилинмоқда.

Жумладан, Наманган тумани “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Маърифат Мўминованинг имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатишни сўраб партия туман Кенгашига қилган мурожаати ижобий ҳал этилиб, депутат К.Аббосхонова томонидан кўрилган амалий чоралар туфайли “Транстбанк” туман бўлимидан 13 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилишига эришилди.

Ушбу туманда яшовчи, вақтинча ишсиз Лобар Мамадалиеванинг ишга жойлаштиришда ёрдам кўрсатишни сўраб Жамоатчилик қабулхонасига қилган мурожаати асосида у “Аёллар дафтари”га киритилди ва айни пайтда унга мос иш топиш чоралари кўрилмоқда.

Чортоқ тумани “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Искандар Исроилов ЎзХДП туман Кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилиб, “Ёшлар дафтари”да туришини, ўзини ўзи банд қилиш мақсадида ғаллада бўшаган ердан олишда ёрдам сўраган эди. Партия Кенгаши томонидан мурожаат ижобий ҳал этилиб, деҳқончилик қилиши учун унга ғалладан бўшаган майдондан 10 сотих ер ажратиб берилди.

ЎзХДП Чуст туман Кенгаши ҳузуридаги Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилган Ойжамол Мўминова йўлсозларнинг ишидан норози бўлиб, “Варзик” МФЙ ҳудудидаги Эшон ва Завод кўчалари чала асфальт қилинганини, таъмирлаш ишлари охиригача етказилмаганини баён қилган. Ўрганишда асфальт ётқизиш ишлари битказилмасдан тўхтаб қолгани аниқланиб, туман йўл таъмирлаш корхонаси томонидан 5 кун муддатда таъмирлаш ишлари охирига етказилишига эришилди.

 

Отабек Дедамирзаев,

ЎзХДП Наманган вилоят Кенгаши депутатлик бирлашмаларининг ишини мувофиқлаштириш ва жамоатчилик қабулҳоналари билан ишлаш бўлими бошлиғи.

 

 

 

Теглар

Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш