Бугун Ўзбекистон Халқ демократик Марказий Кенгаши мажлислар залида партиядан Президентликка номзодни қўллаб-қувватлаш бўйича уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши қошидаги “Фахрийлар Кенгаши” аъзолари, Марказий Кенгаш масъул ходимлари, партиянинг ҳудудий кенгашлардаги фаоллари, партиянинг “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” аъзолари иштирок этишди. Учрашувда “Сайловда фаол иштирок этиш ва номзодни қўллаб-қувватлашда лидер аёлларнинг ўрни ва роли”, “Ёшлар - Ўзбекистон ХДП сайловолди ишларининг фаол иштирокчилари”, “Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш - асосий мақсадимиз” мавзусида маърузалар қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиз сайловчиларининг ярмидан зиёди хотин-қизлардир. Шунинг учун уларнинг сайлов жараёнида фаол иштирок этиши ва овоз бериши Ватан келажагини, истиқболдаги ривожланиш йўлини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда уларнинг сайловчи сифатидаги ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида қизғин иш олиб борилмоқда. Шу асосда тегишли чора-тадбирлар дастури белгилаб олинган, Президент сайлови арафасида аёлларнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилаяпти. Ушбу тадбирлар натижасида опа-сингилларимиз ўз ҳуқуқлари билан янада чуқурроқ танишиш билан бир қаторда, Президент сайловида овоз беришнинг аҳамиятини теран англаб етишмоқда. Уларда партиямиз фаоллари хотин-қизларга миллий сайлов қонунчилиги қоидалари, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари, овоз бериш, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш тартиби, уларнинг сайловда иштирок этиши аҳамиятини тушунтиришмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, опа-сингилларимизнинг ҳуқуқий билимларини оширишга, уларнинг фуқаролик фаоллиги ўсишига, жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, Ватанимиз келажагига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбирда сўз олган ёшлар вакиллари қайд этишганидек, ёшлар янгича фикрлайдиган, янгича ғоя ва ташаббусларни илгари суришга мойил фаол қатламдир. Шу билан бирга, сайловчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этар экан, олдимизда турган сиёсий жараёнда уларнинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ёшларнинг сайлов жараёнидаги фаоллиги, уюшқоқлиги уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини намоён этади. Ёшлар ва сайлов — бу икки тушунча ўзаро боғлиқ ва сайловни ёшларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис ҳам олдинда турган сайлов жараёнларида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги тадбирда ҳам ҳам аҳоли, жумладан, ёшларнинг электорал маданиятини ошириш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ёшларга содда, тушунарли тилда сайлов жараёни ҳақида тарғиб қилиш, хорижий тажрибаларни таҳлил қилиб, олдинда турган вазифаларни белгилаб олиш мақсад қилинган.
Тадбир қатнашчилари партиямиз фаоллари олдида, фахрийлар ва ёшлар олдида Президент сайловини ўтказиш ва кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашдек масъулиятли вазифалар турганлигини таъкидлашди. Мақсадлари улуғ, олға интилаётган ёшларимиз учун ота-боболаримиз ҳаёт йўли, уларнинг ўгиту насиҳати ҳамиша асқотган, шу маънода ўтказилган тадбир фойдали бўлди.
ЎзХДП Ахборот хизмати