Инсон бир маромда умр кечирар экан, ҳаётида турли синовлар, ташвишларга дуч келади. Улардан гоҳ сиқилиб, гоҳ енгилроқ ўтиб кетади. Бу орада инсон ўзини нималар биландир чалғитмоқчи бўлиб, турли зарарли одатларга ружу ҳам қўйганини билмай қолади.
Билмайдики, орттирган зарарли одати ўтиб кетувчи ташвишлариданда хатарли. Кашандалик ана шундай одатлардан. Ачинарли томони шундаки, бугунги кунда ер юзида тамаки маҳсулотлари зараридан ҳар йили минглаб одамлар ҳаётдан барвақт кўз юммоқда. Жамоат жойларида сигарета чекиш масаласи шу кунларда ижтимоий тармоқларда ҳам қайноқ мавзуга айланган.
Маълум бўлишича, пойтахтимизнинг Чилонзор туманида бир фуқарони кўчада жаримага тортишган. Стул устига қўйволиб сигарета сотиб ўтирган холадан тамаки маҳсулоти сотиб олиб, шу заҳоти уни илаштирган кишига ҳуқуқни муҳофза қилиш органлари ходимлари 49 минг сўмлик жарима ёзиб беришган. Эркакни аччиқлантиргани атрофда сигарета чекиб турган бошқаларни жаримага тортилмагани. Хўп, орган ходимлари шунчалик ҳушёр экан, стул қўйиб бемалол тамаки маҳсулотлари сотиб ўтирган сотувчи аёл нега ноқонуний савдо учун жаримага тортилмади?
Тўғри, жамоат жойларида сигарета чекиш жаримага тортилишга сабаб бўлади. Аммо қонуннинг барчага баробарлиги принципи қаерда қолди? Жамоат жойларида чекилгани учун жарималар қўлланилаётгани тўғри. Айримлар жарималарнинг оширилишини таклиф ҳам этмоқда. Аммо, бизнингча, жарималар миқдорининг оширилиши фуқароларнинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатади.
Халқ демократик партияси жамоат жойларида чекиш учун махсус жойлар ташкил этиш, жамоат жойларида сигарета чекишни таъқиқлаш билан боғлиқ қонун-қоидалар такомиллаштирилиши зарур, деб ҳисоблайди.
Белгиланмаган жойда сигарета чекканлик учун жарималар “оддий” фуқароларга эмас, барча учун бир хил қўлланилиши шарт. Ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ходимлари ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, барчага бир хил муносабатда бўлиши керак.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати