2021 йил 6 сентябрь. Пойтахтимиздаги муҳташам заллардан бири. 97 нафар делегат аъзолари, яна кўплаб тарафдорлар, хайрихоҳлар, қўллаб-қувватловчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, умуман, мамлакат ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеликка бефарқ бўлмаган кишилар давраси... Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг бу галги Қурултойи Президентликка номзодни тасдиқлаш маросими сифатида тарихда қоладиган бўлди.
Халқ демократик партияси сайловга бутунлай янгича қиёфада ва янги ғоялар билан кириб келди. Унинг номзоди аёл киши бўлганининг ўзиёқ, жараёнларнинг изчил тус олишига, қизғин муҳокамаларга ҳамда маҳаллий ва халқаро экспертларнинг диққатини тортишга асос бўлди. Партиянинг ғалабага бўлган иштиёқи, интилиши ва кутаётган натижалари юксак. Ушбу интилиш ҳар бир партия аъзосининг хатти-ҳаракатлари ва сўзларида мужассам.
Соат 11:00. Маросим бошланди. Қурултойни ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов очиб берди ва олиб борди. Қисқа кириш сўзидан сўнг, кун тартибидаги масалалар муҳокамасига ўтилди. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди.
Партия Марказий Кенгашининг 7 август куни бўлиб ўтган пленумида Халқ демократик партиясидан ЎзХДП Марказий Кенгаши раис ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Азизовна Ворисова номзодини илгари суриш ҳақида қарор қабул қилган эди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Респуб ликаси Сайлов кодексининг 14, 16, 63-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ваколатли вакили Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат сўраб, Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларни топширди. Ҳужжатларни ўрганиб чиққан Марказий сайлов комиссияси ЎзХДПнинг 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида иштирок этиши учун ижозат берди.
Мақсуда Ворисова 1961 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. 1984 йили Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги – шифокор. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Ўзбекистон ХДП аъзоси.
У қатъий сиёсий иродага эга, жамият манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйишдек фазилат соҳибаси, фидойи раҳбар сифатида партиянинг кўп минг сонли аъзолари ва халқимиз ўртасида катта ҳурмат ва эътиборга эга.
Мақсуда Ворисова Халқ демократик партиясининг электорати бўлган эҳтиёжманд фуқароларни сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш бўйича бирламчи бўғинда узоқ йиллар фидойилик кўрсатган.
Унинг таклифлари ва шахсий ташаббуси асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича парламент комиссияси ташкил қилинган. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ушбу комиссияни самарали фаолият олиб боришга масъул этиб белгиланган.
Мақсуда Ворисова кўп йиллик депутатлик, сенаторлик фаолияти давомида давлат ва жамият бошқаруви, ички ва ташқи сиёсат, ҳуқуқ ва ижтимоий ҳимоя масалаларида улкан тажриба тўплаган, халқ ҳақида ғамхўрлик қилувчи, тажрибали сиёсатчи аёллардан биридир.
Қурултойда номзод масаласи бўйича бир қатор фикр-мулоҳазалар тингланди. Муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Президенти сайловида Халқ демократик партиясидан Мақсуда Азизовна Ворисовани номзод сифатида кўрсатиш ҳақида якдил қарор қабул қилинди.
М.Ворисованинг Президент сайловида номзод сифатида кўрсатилиши партия тарихида янги саҳифа очади, у Халқ демократик партиясидан Президентлик учун биринчи аёл номзод бўлади.
...партия ғоялари, логотипи туширилган катта ёзувли баннер яқинида Мақсуда Ворисова ёлғиз ўтириб, нутқини жиддий кўздан кечирмоқда.
Бу ўша – турли йиғилиш ва муҳокамаларда жон куйдириб гапирадиган, айниқса, тиббиёт соҳасида охирги беш-ўн йилликда қабул қилинган қонунлар онаси, ташаббускори Мақсуда Ворисова эди.
НОМЗОД ЎРНАТИЛГАН ҚОИДАЛАРНИ БУЗИБ ТАШЛАДИ
Таомилга кўра, кун тартибидаги масала бўйича маъруза қилиш, яъни, ўз сайловолди дастурини эълон қилиш учун Мақсуда Ворисовага сўз берилди.
Мақсуда Ворисова вазмин қадам ташлаб минбарга кўтарилди. Бир қўлидаги қоғозларга қаради, бир издиҳомга қараб олди ва сўз бошлади. ХДП сайлов штаби ўзига хос сюрприз тайёрлаб қўйган экан.
Номзод, одатда партия сайлов штаби томонидан тайёрлаб берилган ва ўз дастури баёнидан иборат текстни ўқиб бериши кутилган эди. Воқелар ривожи мутлақо бошқача бўлиб кетди.
Мақсуда Ворисова ўз дастурини янада кенгайтирилган, аниқ мисоллар билан бойитилган, равон нутқ ҳолатига келтирилган тарзда тақдим этди.
Кутилмаган юриш, ўйланган ғоя. Ҳар ҳолда минбарга чиқиб дастурни бандма-банд ўқиб беришдан кўра, шуниси яхшироқ.
ДАСТУР ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА ИЗОҲ
Президентликка номзод ўзининг 9 қисм, 115 банддан иборат сайловолди дастурининг асосий жиҳатларига тўхталар экан, энг аввало, барча иқтисодий ресурслар халқ учун, давлат учун эканлигига урғу берди. Нутқнинг энг ёрқин жиҳатларидан бири мана шу.
Шунингдек, “Ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш Халқ демократик партия сининг бош мақсади ҳисобланади. Бу мақсад, биринчи навбатда, аҳоли кенг қатламлари фаровонлиги таъминланишини назарда тутади. Ҳар бир оила ўзининг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларини қондириши, қулай уй-жой, узлуксиз энергия таъминоти, табиий газ ва ичимлик суви, сифатли озиқ-овқат, замонавий таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун етадиган даромад манбаига эга бўлмоғи керак, деб ҳисоблайман”, деди Мақсуда Ворисова ўз нуқтида.
Айтиш жоизки, Мақсуда Ворисованинг нутқи тўсатдан пайдо бўлиб қолган, айнан шу кампания учун ўйлаб топилган фикрлар мажмуи эмас. Дастур ва шу асосда сўзланган нутқ ХДПнинг йиллар давомида шаклланган, сайқалланган ғоя ва мақсадларини тўла мужассам қилади.
Қуйида дастурда кўтарилган асосий масалалар ва ушбу дастур муҳокамасига бағишланган мажлисда Мақсуда Ворисова сўзлаган нутқ ҳақида тўхталамиз.
ЭСКИРМАЙДИГАН СИЁСАТ – КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ ЮРИТИШ
“Кучли ижтимоий сиёсат” ғояси ХДПнинг энг асосий, ўзгармас ва доимий равишда илгари сурадиган ғояси ҳисобланади.
Бу борада Мақсуда Ворисова гапнинг пўсткалласини дангал айтди: “Ҳар бир ўзбекис тонлик салоҳиятини рўёбга чиқариши учун тенг имкониятлар яратиш асосий вазифам, деб биламан. Оилалар фаровонлигининг ўсишини, болалар учун бахтли болаликни, ёш авлоднинг ишончли келажагини ва қарияларга ғамхўрлик қилишни таъминлаш борасидаги таклифларни илгари суряпман. Аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш дастурнинг асосларидан биридир. Бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни таъминлашга қаратилган фаолият етарли эмас, деб ҳисоблайман”.
Хўш, вазиятдан чиқиш учун нималар қилиниши зарур? Номзод ўз нутқида шуларга эътибор қаратди. Жами 22 та банддан иборат бу таклифларнинг айримларини келтириб ўтамиз.
Булар:
- аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш;
- олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш;
- аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларга оид халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка жорий қилиш.
ИҚТИСОДИЁТ ИЖТИМОИЙ ТЕНГЛИККА АСОСЛАНГАН ҲОЛДА РИВОЖЛАНТИРИЛИШИ ЗАРУР
Бу йўналиш айни кунда интернетда фаол муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, кимлардир буни совет ностальгиясига боғлаётган бўлса, бошқалар масалага соғлом кўз билан қараб, тўғри танлов эканига урғу қаратишмоқда.
Хўш, аслида гап нимада? Нега, Президентликка номзод бу ғояларни илгари суришни ихтиёр қилган?
Қисқа қилиб айтганда, мамлакатда бир ҳовуч олигархлар пайдо бўлишига йўл қўйилмайди, деган собит қарашлар, ниятлар бор мазкур ғоя замирида. Мамлакатдаги ресурс лар камчилик қўлида тўпланишига тоқат қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайди Мақсуда Ворисова.
Бундан ташқари, иқтисодий ўсиш барқарор бўлиши учун қатъий, лекин мувозанатли макроиқтисодий сиёсат юритилиши керак. Дастурда бюджет харажатларини оптималлаштириш, самарасиз имтиёзлар ва субсидияларни бекор қилиш, паст инфляция ва сўмнинг эркин курсини сақлаб қолиш белгиланган. Миллий бойликлар адолатли тақсимланишини таъминлаш бўйича қарорлар қабул қилинади.
Умуман, келгуси 5 йилликда камбағал аҳоли қатламлари улушини камида 2 баробар қисқартириш, 2030 йилга қадар фуқароларнинг ўта камбағал ҳолатда кун кечиришига барҳам бериш бўйича чораларни кўриш зарур. Стратегик аҳамиятга эга корхоналарда давлат улушини 50 фоиздан кам бўлмаган ҳолда сақлаш аҳоли иш ўринлари ва даромадларини кафолатлаш, иқтисодиётда мувозанатни таъминлашга асос бўлади.
Бундан ташқари, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида, шунингдек, ҳақ-ҳуқуқлари тартибга солинмаган, ўз-ўзича ишлаб келаётган фуқаролар манфаатларини кўзлаб ёлланма ишчилар ҳуқуқ ва эркинлик лари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қонунларини қабул қилишга эҳтиёж бор, дея таъкидлади Мақсуда Ворисова.
Мухтасар айтганда, номзоднинг фикрича, келгуси 5 йилда давлатнинг асосий вазифаси аҳоли бандлиги ва реал даромадларини оширишдан иборат бўлиши керак.
ОЗИҚ-ОВҚАТ, ТОВАР ВА ХИЗМАТЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ МУАММОЛАРГА НАЗАР
Президентликка номзод Мақсуда Ворисова илгари сурган сайловолди дастурнинг учинчи йўналиши, менинг назаримда, бозор иқтисодиёти шароитида нарх-наво сиёсатига давлатнинг аралашувини тартибга солишни назарда тутади.
Унинг фикрича, нархлар сунъий равишда оширилиб юборилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш лозим. Шунингдек, аҳолининг кам даромадли қатламларини ҳаёт учун зарур арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш зарур.
Яна бир диққатга сазовор жиҳат, етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нобуд қилинишининг олдини олиш мақсадида, агрофирмалар орқали маҳсулотларни сотиб олиш, сақлаш ва экспортни йўлга қўйиш тартибини ўрнатиш лозим, деди Мақсуда Ворисова.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигидаги энг оғриқли муаммолардан бири, яъни фермерларнинг банк айланма маблағи камлиги, нақд пул орқали ишлашга мойиллик кучли эканлиги маълум. Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида, фермерлар учун банк хизматларининг рағбатлантирувчи усулларини жорий этиш кераклигини билдирди.
УЙ-ЖОЙЛАРДАГИ ВАЗИЯТНИ ЎНГЛАШ ЛОЗИМ
Уй-жой масаласи бир неча йиллардан бери жамиятимизнинг энг ўткир муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Амалга оширилаётган қурилишлар кўлами халқ эҳтиёжини қондира олмаяпти. Аҳолимиз йилига 700 минг нафардан ортиққа кўпаймоқда. Ҳар йили 300 минг янги оила қурилмоқда. Буларни инобатга олиб, аҳолини уй-жой билан таъминлашни яхшилаш асосий мақсадларимдан биридир, деди Мақсуда Ворисова.
Бунда оғир ижтимоий аҳволдаги оилалар жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар учун ижтимоий турар жойлар (муниципал уйлар) қуриш, муҳтож оилаларга эгалик, мерос ва сотиш ҳуқуқисиз, коммунал тўловларни тўлаш шарти билан бепул бериш тартибини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилмоқда.
Шунингдек, коммунал хизматлар тизимида юзага келган хаос, тартибсизликни бартараф этиш мақсадида, аҳоли ва таъминотчи ўртасида тузиладиган шартномалар тўлиқ қайта кўриб чиқилиши ва юридик ҳужжат мақоми берилиши керак, деди Мақсуда Ворисова.
ТИББИЁТ КЕСКИН ЎЗГАРИШИ ШАРТ
Мақсуда Ворисованинг асли касби шифокор. Шунинг учун ҳам ўз нутқида, сайловолди дастурида бешинчи йўналиш сифатида қайд этилган масалаларга алоҳида ва атрофлича тўхталди.
Хусусан, унинг қатъий фикрича, пандемия замонавий соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликларни очиб берди. Шу боис соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўриш зарур. Мамлакатнинг барча ҳудудларида тиббий хизмат кўрсатишда бир хил шароит ва кафолатлар берилиши шарт.
Барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган, давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар рўйхатини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш, соҳада малакали кадрлар, янги ускуналар, ташхис ва даволаш усуллари билан таъминлаш бўйича ҳал қилувчи чоралар зарур. Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришда “аҳоли жон бошига” ва “даволанган ҳолат учун” тамойилларини жорий этиш керак.
Энг асосий жиҳатлар, соҳада молиялаштириш, кадрлар тайёрлаш, муносиб иш ҳақи билан таъминлаш тартиби мутлақо ўзгариши шарт, деб ҳисоблайди Мақсуда Ворисова. Олис ва чекка ҳудудларда шифокорларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қиш лоқ шифокори” дастури амалга оширилиши лозим, дея таъкидлади номзод ўз нуқтида.
Бундан ташқари, мактабгача таълим, мактаблар ва ўрта махсус таълим ташкилотларида “Соғлом ҳаёт” дастури бўйича факультатив курслар ташкил этилиши, дори-дармонлар нархларининг устидан қатъий назорат ўрнатилиши лозим.
ЁШЛАР МАСАЛАСИ
Ўзбекистон – аҳолисининг мутлақ кўпчилик қисми ёшларни ташкил этадиган мамлакат. Шу маънода, партиямиздан Президентликка номзод Мақсуда Ворисова ўз дастурида ёшлар билан боғлиқ масалаларни алоҳида йўналиш сифатида қайд этиб, бир қатор жиддий таклифларни илгари сурди.
Ҳозирда мактабгача таълим билан болалар тўлиқ қамраб олинмаган. Республика бўйича умумий қамров 60,9 фоиздан ошмайди. Шаҳар, туман маркази бўлмаган ҳудудларда қамров даражаси 20-40 фоиздан юқори эмас. Бу эса болалар ҳаётининг дастлабки йилларидан бошлаб тенгсизликдан жабр кўришлари мумкинлигини англатади.
Мақсуда Ворисова ўз нутқида шу масалаларга эътибор қаратди ва бунинг олдини олиш учун 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни бепул 100 фоиз мактабгача таълим билан қамраб олишга эришиш лозимлигига урғу қаратди.
Бундан ташқари, мактабгача таълим тизимида талаба, ишлаш истаги бор оналарнинг фарзандлари учун болани 2 ёшдан қабул қилувчи махсус гуруҳлар ташкил этилиши мақсадга мувофиқ, деди нотиқ ўз сўзида. Унинг фикрича, биринчи синфга ўқувчиларни 1 сентябрь кунигача 6 ярим ёшга тўлган ҳолатда қабул қилиниши тўғри бўлади. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчилари учун бепул нонушталар ташкил этиш, ўқувчилар учун жамоат транспортларидан фойдаланишни бепул асосда йўлга қўйиш лозим.
ХАЛҚ ДЕМОКРАТИЯСИГА НИМА ЕТСИН!
Бу йўналишда аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларига дахлдор бўлган қарорлар қабул қилишда парламентдаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан жамоатчилик маслаҳатшувини ўтказиш механизмини жорий этиш таклиф қилинди.
Бу тартиб ўрнатилса, ижтимоий адолатни таъминлаш, турли иқтисодий найрангларнинг олдини олиш қанчалар кучайишини тасаввур қилиш мумкин. Умуман, номзод ўз нутқида давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштироки кенгайтирилишига урғу қаратди.
Яна бир гап. Фуқароларнинг судларда Халқ маслаҳатчилари сифатида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш чораларини кўришнинг ҳуқуқий асослари масаласига тўхтаб ўтилди.
ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ РИВОЖЛАНАЯПТИМИ?
Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастури тафсилотлари ҳақидаги фикрларини тинглаб ўтирар эканман, беихтиёр бизда фуқаролик жамияти ривожланаяптими ўзи, деган савол хаёлга келди. Чунки, номзод томонидан илгари сурилаётган ғоя ва таклифлар бу борада ҳали кўп ишларни амалга ошириш лозимлигидан дарак беради.
Қисқача айтганда, аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали ва адолатли шакли сифатида, маҳалла тизимини ривожлантириш, маъмурий, ижтимоий, экологик, маданий ва бошқа муаммоларни ҳал этишда фуқаролик жамиятлари институтларининг тўлиқ иштирокини таъминлаш масаласига асосий эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайди Мақсуда Ворисова.
Тасаввур қилаяпсизми, ҳозирги кунда бундай ҳолларда маҳалланинг иштирокисиз шаҳар ёки туман масъуллари ўз фикрига таяниб қарор қабул қилади, ҳатто қишлоқларга ном бериш, уларни маъмурий ҳудудларга (МФЙларга) ажратиш сингари масалалар ҳам одамларнинг розилиги ва иштирокисиз ҳал этиб юборилган ҳолатлар йўқ эмас.
Яна бир эътиборга молик жиҳат, қабул қилинаётган қонун ва қонун ҳужжатлари, давлат бошқаруви органлари фаолияти натижаларини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш лозим.
Ворисова хоним бу борада ҳам ўз қатъиятини яширмади: прокурор томонидан ҳоким қарорига нисбатан 3 маротаба асосли протест киритилган тақдирда ҳокимнинг ишда қолиш-қолмаслигини депутатлар ҳал қилиши шарт.
Эътибор бераяпсизми, ХДП номзоди жиддий таклифлар айтаяпти, сайловда шунчаки иштирокчи бўлиш ниятида эмас, кураш жиддий бўлади.
ХАЛҚАРО ҲАЁТ ВА ЎЗБЕКИСТОН
Тўғрисини айтиш керак, Президентликка номзоднинг салоҳиятини яққол намоён қиладиган жиҳат – бу халқаро саҳнада рўй бераётган воқеларни нозик илғаб, ташқи сиёсат векторини тўғри йўналтиришидир.
Шунинг учун ҳам одатда номзодларнинг сайловолди дастурини ўқиганда, сиёсатшунослар ҳазиллашиб, ичкарини ҳаммамиз биламиз, ташқарини ўқинглар, деб ташқи сиёсатга доир таклиф ва фикрлар, билишни исташади.
Жиддий айтганда, ХДПдан Президентликка номзод Мақсуда Ворисова дастурининг ташқи сиёсатга оид қисмида янги фикрларни, ёндашувларни кўриш мумкин.
Хусусан, у ўз нутқида олти маротаба “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги” тушунчасини ишлатди. Бошқа сиёсий кампаниялар, гуруҳлар, ташкилотлар билан алоқалар борасида сўз очгани йўқ.
Бу шундан далолат берадики, Мақсуда Ворисова йиллар давомида шаклланган иқтисодий, ижтимоий алоқалардан фаол фойдаланиб, ҳамдўстлик давлатлари билан муносабатларни фаоллаштириш тарафдори. Бошқача айтганда, насия гапларга ишониб, турли халқаро ташкилотларнинг ноғорасига ўйнамоқчи эмас, у нақд гапларга кўпроқ ишонади.
Номзод, шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиши лозим, деб ҳисоблайди.
Сувнинг бошида ўтирган қўшни давлатлар билан ҳисоб-китобларни қайта кўриб чиқиш, музокаралар столига ўтириш лозим – Мақсуда Ворисованинг ушбу масалаларга доир фикр ларини умумлаштирганда шундай маъно чиқади.
...Ёрқин ва самимий чиқиш бўлди. Ҳатто тадбир якунида ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар томонидан билдирилган қитмир саволлар, илмоқли луқмалар ҳам Мақсуда Ворисовани мувозанатдан чиқармади. Тутилмай, фикрини йўқотмай, равон ва содда жавоблар берди. Ким қандай шарҳлаши, турли-туман талқинларнинг пайдо бўлиши – табиий ҳол ва бошқа нарса. Асосийси, номзод узоқ ва шарафли курашга ташна, айни пайтда тайёр.
Кундалик ҳаётимизда шунча ғоялар, ташаббуслар учун бўшлиқ, эҳтиёж борлигини тушундим. Бу ғоялар амалга ошса, мамлакатимиз янада ривожланади ва қудратли бўлади, ривожланади.
Саид БОБОЕВ,
шарҳловчи.
“Ўзбекистон овози”, 8.09.2021, №36