Сўз — Қурултой делегатларига!
Баҳодир УМУРЗОҚОВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари:
— Президентликка номзод Мақсуда Ворисовани анча йиллардан буён яхши танийман. Бундай дейишимнинг боиси, у қаерда ва қандай лавозимда ишламасин доимо халқ дарди билан яшаган. Буни номзоднинг ташаббуси билан аҳолини қийнаб келаётган кўплаб муаммолар ҳал бўлганидан ҳам билиш мумкин. Номзодимизнинг дастурини эшитдик. Унда моддий, ҳуқуқий ва ташкилий муносабатларни давлат томонидан жорий қилиш масалаларига алоҳида урғу берилган.
20 йиллар давомида меҳнат миграциясига салбий муносабатда бўлганмиз. Бу ҳақиқатдир. Номзоднинг дастурида мигрантларни ўқитиш масаласида ҳам янгича ташаббус ва таклифлар илгари сурилган. Бу кўплаб чет элларда ишлаш истагида бўлганларга катта имкониятлар беради. Яъни, чет элларда ишлаш истагида бўлганлар касбларга ўқитилиб, малакага эга бўлгандан сўнг ишлашга юборилмоқда. Бу яхши, албатта. Номзодимизнинг дастурида мигрантлар учун ҳам бир қатор енгилликлар яратиш таклифи илгари сурилган. Номзодимизнинг дастури ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиб, халқимизнинг манфаатларига хизмат қилади.
Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП фахрийлар кенгаши раиси,иқтисод фанлари доктори, профессор:
— Номзодимизнинг асосий мақсади мамлакатимизда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос бўлган давлат ва жамият барпо этишга қаратилганлиги ҳар жиҳатдан аҳамиятлидир.
Номзоднинг дастурида тўққизта йўналишда таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган. Булар мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган асосий вазифалар ҳисоб ланади. Мен айнан номзодимизнинг дастуридаги иқтисодий йўналишларда белгиланган вазифалар тўғрисида ўз фикримни билдирмоқчи эдим.
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун иқтисодий ислоҳотларнинг самараси устувор бўлиши керак. Шу жиҳатдан номзод дастурида аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилишда, аввало, иқтисодиётни ривожлантириш зарурлиги белгиланган. Шу асосда кам таъминланган оилаларга бўладиган ижтимоий ҳимояни кучайтиришга эришиш мумкинлиги аниқ кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш, ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари яратиш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёжи билан боғлиқ ҳамёнбоп товар ва хизматлар, арзон уй-жой ва коммунал хизматлар билан таъминлаш, пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган мақбул тизимни шакллантириш каби таклифлар илгари сурилмоқда.
Шунингдек, дастурда ўрта муддатли истиқболда кам таъминланган аҳоли қатламлари улушини камида 2 баробар қисқартириш мақсадида камбағалликни бартараф этиш бўйича самарали ишларни амалга ошириш, самарали молиявий ва солиқ имтиёзларини қўллаш сингари муҳим вазифалар белгиланган.
Энг асосийси, бу мақсадларнинг барчаси партиямизнинг сиёсий платформасига тўлиқ мос келади.
Шавкат АЮПОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони:
— Номзоднинг сайловолди дастурини эшитдим, ўқидим. Унинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлайман. Шу билан бирга, таълимга тааллуқли 6-банд бўйича айрим таклифларим бор эди.
Аввалло, мактабгача таълим масаласидаги вазифаларга эътибор қаратиш лозим. Чунки ушбу босқич жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Биламизки, инсон 5-6 ёшгача энг катта ахборотни қабул қилади, дунёни англайди, танийди. Бу даврда инсон мияси бўш бўлади, уни тўғри таълим-тарбия билан тўлдириш аҳамияти юқори. Шу жиҳатдан, мактабгача таълимга борган болалар билан бормаганлари ўртасида катта фарқ бўлади.
Муассасага 2 ёшдан болаларни бериш ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Чунки улар орасида талабалар ёки ишлаб рўзғор тебратиши керак бўлганлар бор. Айни пайтда болалар боғчалари қабул қилмагани боис катта харажатлар эвазига якка тартибда бола қаровчи ёлламоқда. Шунинг учун мазкур таклифни қўллаб-қувватлайман.
Яна бир жиҳатга эътибор қилдим. Авваллари етти ёшдан мактабга қабул қилинар эди. Ҳозир эса фақат шу йилда туғилганларгина биринчи синфга олинмоқда. Яъни, 31 декабрда туғилган бўлса, биринчи синфга қабул қилинади, лекин 1 январда туғилса ҳам қабул қилинмайди. Ўзимизда ҳам шу жараён кузатилди. 11 январда туғилган набирам нафақат ўқиш ва ёзиш, ҳаттоки чет тилини ҳам биларди. Лекин уни мактабга қабул қилишмади. Чунки тизим рақамлаштирилган. Тўғри, ушбу тизим коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш учун йўлга қўйилди. Бироқ иқтидорли болалар учун имконият яратилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Шунинг учун номзоднинг мазкур масалалардаги таклифларини қўллаб-қувватлайман.
Олий таълим йўналиши йиллар давомида олинган билимлар йиғиндисини умумлаштириш ва мутахассис тайёрлашни англатади. Шунинг учун таълим сифатига эътиборни кучайтириш керак. Афсуски, кўпчилик билим олиш учун эмас, диплом учун ўқийди ва ушбу жараён давом этмоқда. Бакалавр йўналишини битириб, магистратурага кирганлар билан суҳбатлашамиз. Кўпчиликнинг билими саёз. Вилоят ОТМдан келиб марказдаги университитетларга келишган, тест топшириб ўқишга киришган. Бироқ билим йўқ. Бизга билимли одам керак, дипломли эмас. Бунинг сабаби мактаблардаги педагогларда билим етарли эмас. Ваҳоланки, бу таълим энг муҳим босқичларидан саналади. Агар ўқитувчи ўз фанини яхши билган ҳолда дарс ўтса, болада ўша фанга қизиқиш, меҳр пайдо бўлади.
Яна бир оғриқли масала эса бугун пора билан ўқишни битирган талаба эртага мактабга ёки бошқа таълим муассасасига бориб, ўзидан ҳам билимсизроқ, порахўрроқ авлодни тарбиялайди. Бу ҳақиқий жиноят, бу ҳақиқий фожиа, деб ҳисоблайман. Таълим тизимида қилиниши зарур бўлган ишларимиз ҳали кўп. Шу жиҳатдан номзод илгари сурган ташаббус ва ғоялар ҳаётийлиги билан аҳамиятлидир.
Шоҳруҳ ЎКТАМОВ, Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари:
— Аёллари эъзозланган юртда, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишлари учун шарт-шароитлар яратилади. Мен тўлақонли демократия деганда, аёллар нафақат овоз бериш ва сайлаш ҳуқуқига эга бўлиши, балки сайланиш ҳуқуқига ҳам эга бўлишларини тушунаман.
Парламентда ёхуд маҳаллий Кенгашларда хотин-қизларнинг депутат сифатидаги иштирокига бугунги кунда ишонч ортган, уларда ташаббускорлик беқиёс.
Президент сайловида аёл номзоднинг иштироки демократиянинг ижобий самараси, деб ҳисоблайман ва қўллаб-қувватлайман. Демократик давлат қуриш, жамият фаровонлигини таъминлаш овоз беришдан бошланади. Бу жараён жамиятни қуради ва мамлакатнинг эртанги кунининг биринчи ҳаракати ҳисобланади.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури орқали инсоннинг эътиқоди, жамият ривожи учун дахлдорлик ҳиссини англаш мумкин. Эҳтиёжмандлар манфаатларини ифодалаш инсонийлик бурчимиз.
Элмира БОСИТХОНОВА, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари:
— Юртимиз тараққиётида энг муҳим босқич бошланди, биз уни янги Ўзбекистон, деб атадик. Мазкур босқичдаги сиёсий воқеликнинг энг қизиқарли жараёни Халқ демократик партияси томонидан амалга оширилмоқда. Муҳим қиёфа ва нуқта шундаки, ҳеч қайси партия аёл номзодини илгари сурмади. Тўғри, бу катта масъулият, мураккаб йўллардан ўтишни талаб этади. Мақсадга эришиш учун эса номзодга қўллаб-қувватлаш, тиргак ва муносиб партиядошлар керак бугун...
Номзодимизнинг ҳаракатлари самара бериши учун биз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Айниқса, жойларда партиямиз фаоллари ҳар бир ҳаракатини аниқ ўйлаб, жиддий ёндашган ҳолда амалга ошириши лозим. Агар бугун биз масалага жиддий ёндашмасак, эртага овозлар, фоизлар салмоғида бу акс этади. Демак, фоизлар юқори бўлиши учун бугундан профессионал қадам қўйиш зарур. Ҳар бир ҳудуддаги лидерларимиз эндиликда янада фаол бўлиши талаб этилади.
Дастурга келадиган бўлсак, номзодимиз асли касби шифокор бўлгани учун бу соҳани чуқур билиши сезилади. Режа ва мақсадлардаги профессионал ёндашув ҳамда унда кўтарилган ҳаётий масалаларнинг ҳар бири муҳим аҳамият касб этади. Яна бир гап. Номзод давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматдаги муаммоларни чуқур билгани боис, бу борада қилиниши зарур бўлган ишларга ўз дастурида алоҳида тўхталиб ўтган. Дори-дармонларнинг рўйхати бўйича йўлимизни белгилаб олишимиз лозим ва бу борадаги қонунга ҳам эҳтиёж катта.
Шу ўринда бир таклифим бор. Пандемия нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда тиббиёт соҳасидаги муаммоларни кўрсатди. Хусусан, бирламчи тиббий хизмат йиллар давомида давлатнинг эътиборидан четда қолгани вирус билан курашда яққол билинди, сезилди.
Биз давлатга, ҳукуматга кўпроқ жиддий талаблар қўйяпмиз. Лекин ушбу масалада жамиятнинг роли катта эканини ҳам унутмаслик керак. Зеро, бир инсоннинг соғлом бўлиши 85 фоиз унинг ўзига боғлиқ. Шунинг учун аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ривожлантириш ва тиббий маданиятни оширишга ҳам алоҳида урғу бериш, таклифлар киритишимиз керак. Акс ҳолда, пандемиянинг кейинги зарбаларига бардош бера олмаймиз.
Мен номзодимизни шу йўналишдаги мақсадлари учун ҳам қўллаб-қувватлайман.
Мавжуда ҲАСАНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Аввало, барчангизни куни кеча кенг миқёсда нишонланган мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами билан муборакбод этаман. Партиямиздан илк бор аёл номзоднинг кўрсатилиши биз, аёлларга ғурур ва ифтихор бағишлади. Номзод Мақсуда Ворисова Қонунчилик палатасида ҳам Оила ва аёллар комиссияси раиси сифатида салмоқли ишларни амалга оширди. Хусусан, хотин-қизларни тазйиқлардан ҳимоя қилиш, гендер тенглик, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий ажримлар борасида кўплаб ташаббусларни илгари сурди. Номзодимизда билим, шижоат, қатъийлик бор.
Биз партиядошлар унинг сайловолди дастури тақдимотини диққат билан кузатдик, кўрдик. Унинг ҳар бир банди ижтимоий ҳимояга йўғрилганини таъкидлаш лозим. Мисол учун, дори воситалари нархларини мақбуллаштириш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бозор иқтисодиётида нарх-навонинг ошмаслиги, ҳудудий дастурларнинг давлат дастурларига татбиқ этилишини таъминлаш масалалари ўрин олган. Имконияти чекланган, кам даромадли оилаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида хорижий тажрибаларнинг ижобий томонларини татбиқ этиш масалалари илгари сурилгани билан аҳамиятли. Бу, албатта, электоратимиз манфаатларига хизмат қилади.
Номзодимиз кўтариб чиқаётган масалалар халқимизнинг ҳозирги кунидан олингани учун асосли ва кучли, деб ҳисоб лайман.
Комил АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Марказий бошқарув раиси:
– Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурида ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларига мос келадиган бандлари жуда кўп. Инсон дунёга келар экан, албатта, орзу-ҳавас қилади. Ўқисам, ота-онамга, жамиятга фойдам тегса, дейди. Ногиронлиги бўлган кишилар ҳам шундай ўйлайди. Уларни қўллаб-қувватлаш бўйича партиямизнинг катта ишлари бор.
Хусусан, 2020 йилда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун қабул қилинишида ҳам партиямизнинг роли ва ўрни катта бўлганини алоҳида эътироф этишим лозим. Бу ишларнинг давомийлигида номзодимизнинг ҳам ҳиссаси бор, албатта. Номзод дастурида миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси бўйича мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилгани биз учун, айниқса, муҳим.
Партиямиз ҳамиша, ҳар бир даврда, сиёсий жараёнларда ўз ўрнига эга бўлиб келган. Бу йилги сайловда ҳам фаол иштирок этади. Номзоднинг дастурини тўла қўллаб-қувватлайман.
Гулбону ҚУВВАТОВА, Ўзбекистон Миллий университети талабаси, Олий Мажлис ҚП ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:
– Аёл – сенатор, аёл – тадбиркор, аёл – раҳбар. Эндиликда эса аёл Президентликка номзод бўлмоқда. Номзодимизнинг сайловолди дастурини диққат билан тингладим. Мен қишлоқ қизиман. Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурида қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича қатор таклифлар киритилгани, айниқса, қишлоқ ўқитувчиси ҳақидаги мулоҳазалари ҳаммамизга маъқул бўлгани рост. Ҳар бир қишлоқ боласи яхши билим олишга, замонавий таълимдан баҳра олишга ҳақли. Мамлакатимизни билимли, малакали кадрлар бошқариши керак.
Қолаверса, ёш оналарнинг икки ёшгача бўлган фарзандларини мактабгача таълим ташкилотининг махсус гуруҳларига қабул қилиш ҳақидаги таклифи ҳам эътиборга лойиқ. Бу албатта, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёш оналарнинг билим ва салоҳиятини ошириш ҳамда оилалар рўзғори бутлигига катта ёрдам бўлади.
Бугун минбарга талабалар номидан ҳам чиқдим. Мана, янги ўқув йилини ҳам бошлаб олдик. Бугун кўпчилик талабалар олдида турар-жой ва ижара муаммоси турибди. Стипендия эса ижарага ҳам етмайди. Еб-ичиш, ўқув қуроллари сотиб олиш ҳақида қандай қайғуриш мумкин? Ўйлайманки, дастурдан ўрин олган таклифлар минглаб талабалар номзодимизни қўллаб-қувватлашлари учун етарли асос бўлади.
Даврон ЭРГАШЕВ,Жиззах вилояти “Истиқбол” ёшлар қаноти аъзоси:
– Биласизми, қурултойда иштирок этиб, ўқувчилик даврларим ёдимга тушди. Вилоятимизда энг илғор депутатлар билан учрашув ўтказилган. Улардаги шижоат, сиёсий лидерликни кўриб мен ҳам депутат бўламан, сенатор бўла-ман, деб ўз олдимга мақсад қўйгандим. Мана, бугун йирик сиёсий ташкилот – ЎзХДП сафида фаолият олиб бораётганимдан мамнунман. Вилоятимизда партия ёш аъзоларидан кўнгиллилар гуруҳи тузилган. Улар билан партиянинг тарғибот ишларини амалга ошириб келяпмиз. Одамларга ёрдам бераётганимиздан бахтиёрмиз. Ёшлар муаммоларини ўрганишга, уларга биргаликда ечим топишга ҳаракат қиляпмиз.
Номзоднинг сайловолди дастурида ёшлар масалаларига алоҳида урғу берилганини таъкидлашни истардим. Салоҳиятли, билимли ёшларнинг давлат идораларида кўпроқ ишлашлари борасидаги таклифларини тўла қўллаб-қувватлайман. Тенгдошларимизга фойдали ғояларни маҳаллама-маҳалла, қишлоқма-қишлоқ, лозим бўлса, уйма-уй тарғиб қилиш, тушунтиришга тайёрмиз!
Тоштемир ҲУДОЙҚУЛОВ,
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
Гулруҳ ОДАШБОЕВА.
“Ўзбекистон овози”, 8.09.2021, №36