Деҳқонободдаги қил кўприклар муаммоси назоратга олинди

 

Қишлоқ жойларда аҳолига яшаш шароитини яхшилашга қаратилаётган эътиборга қарамасдан, айрим идора ва ташкилотлар аҳоли муаммоларига, мурожаатларига беписанд қараяпти. 2021 йил 10 сентябрь куни “Rost24” ахборот сайтининг телеграм ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида берилган материал бунга мисол бўла олади. Унга кўра, Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманидаги “Бойқўрғон” ҚФЙ аҳолиси кўприк масаласида кўп йиллардан буён мутасадди ташкилотларга мунтазам равишда мурожаат қилиб келаётир. Аммо шунга қарамай, ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаётгани видео лавҳадаги эътирозлардан ҳам кўриниб турибди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Деҳқонобод туман Кенгаши воқеа жойида ўрганиш ишларини олиб борди. Аниқланишича, “Бойқўрғон”ни кесиб ўтувчи дарёда 6 та осма кўприк бўлиб учтасидан ўтиш жуда хавфли. Қишлоқ аҳолисининг аксарияти кундалик ҳаётида фойдаланишга мажбур бўлган қўлбола “Қил кўприк” авария ҳолатига келиб қолган. Кўприк мактаб ўқувчилари (ёш болалар) нинг ўтиб қатнаши учун хавфли. Айниқса, ёғингарчилик вақтларида ота-оналар юрак ҳовучлаб ўтиради.

Бизнингча, мамлакатимизда қишлоқ жойлардаги аҳоли яшаш шароитини яхшилашга қаратилаётган эътиборга қарамасдан айрим чекка қишлоқ ҳудудларида маҳаллий аҳолини тоза ичимлик суви, электр энергияси билан таъминлаш, йўлсозлиги ва бир қанча ижтимоий-иқтисодий муаммолар тўпланиб қолган. Деҳқонободдаги аянчли аҳвол шулардан бири. ХДП Деҳқонобод туман Кенгаши вакиллари масалани жойига чиққан ҳолда чуқур ўрганиб, аҳолининг фикр ва таклифларини бўйича, уларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишга кўмак берилишини маълум қилди. Бу борадаги муаммони ечиш учун Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партиямиз депутатлари ҳокимият ва бошқа тегишли идораларга депутатлик сўрови жўнатди. Бир сўз билан айтганда, қил кўприклар муаммоси партиямиз назоратига олинди ва ўйлаймизки, тез орада мутасадди идоралар амалий ишга киришадилар.

 

Ашур Норбоев,

ЎзХДП Деҳқонобод туман Кенгаши раиси.

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш