Яқинда «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Я Самаркандец» (“Мен самарқандликман”) саҳифасида «Евгения Грачёва» исмли фойдаланувчи ўзининг 14 ёшли ўғли ўлими ҳақидаги хабарни чоп этди. Аёлнинг сўзларига қараганда, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Самарқанднинг Сўғдиёна мавзесида юз берган аварияда унинг ўғли ҳалок бўлади, аммо авария айбдори “жазоланмай қолиши эҳтимоли” бор. Е. Грачёванинг сўзларидан келиб чиқилса, автомобил рулида вояга етмаган, спиртли ичимлик истеъмол қилган шахс бўлган, авариядан кейин “чалғитиш учун руҳий касалхонага жўнатишга уринишган”. Кейинроқ, 5 сентябрь куни Е.Грачёва авария жойида тўхташ белгиси ва тўсиқлар ўрнатилмагани ҳақида ёзди. 10 сентябрь куни эса Грачеёва авария пайтида рулда бўлган боланинг онасига қурилиш ташкилоти машинанинг тормоз қисми ишламай қолгани ҳақида билдирги ёздириб беришни таклиф этгани ҳақида пост қолдирди. Хуллас ортиқча ҳиссиётлар ва айбловлар кўп. Айниқса, муаллиф айбдорнинг ота-онасини боласига руҳий касаллик ҳақида маълумотнома тўғрилашга уринаётганликда айблайди. Бу эса ижтимоий тармоқларда “коррупция ҳамма муаммони ечади”, “балиқ бошидан сасийди”, “Ўзбекистонда қонунга риоя қилинмайди” каби тутруқсиз ва пуч гапларнинг ёзилишига сабаб бўлди.
Айтиш керакки, содир этган жинояти учун ҳеч ким жазодан қутулиб қололмайди. Қонун ва адолат ишлаяпти. Коррупцияга қарши кураш республикамизда устувор вазифага айланган. Ҳамма нарсани пул билан ечса бўладиган, деган фикрларга қўшилиб бўлмайди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши фаоллари ушбу масалани тегишлича ўрганиб чиқди. Ички ишлар бошқармаси вакиллари билан мулоқотда бўлди. Вилоят ИИБ баёнотига кўра, “мазкур ҳодиса бўйича 10 сентябрь куни экспертиза белгиланган, негаки беш кунлик дам олиш кунларида ташкилотларнинг ҳеч бири ишламаган”. Иш Самарқанд вилоят ИИБ назорати остида. Тергов якунлари бўйича брифинг ўтказилади. Биз ҳам ўз навбатида масалани жамоатчилик назорати остига олганмиз. Мавзуга яна қайтамиз.
ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши