ЎзХДП Хоразм вилояти кенгаши томонидан

уюштирилган тарғибот тадбирида 1500 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди

“Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз!” шиори остидаги тарғибот тадбири Урганч шаҳридаги Амир Темур номидаги Маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтди. Унда ЎзХДП вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаоллари, депутатлик гуруҳлари билан бирга олий ўқув юрти ва касб-ҳунар коллежлари талабалари, умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари ҳамда кенг халқ оммаси иштирок қилди.

ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Раҳимберган Юсупов митингни очиб бераркан, жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловларнинг моҳияти, шунингдек, ЎзХДП илгари сураётган ғоя ва мақсадларнинг аҳамияти ҳақида батафсил тўхталди.

– Имконияти чекланган, ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларига ёрдам қўлини чўзиш, уларни қийнаётган муаммолар ечимини топиш, ҳар томонлама ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш чинакам инсонпарварлик намунасидир. Ана шундай эзгу қадриятлар Халқ Демократик партиясининг мақсад-моҳиятига айлганганида ҳам катта маъно мужассам, – деди ўз сўзида ХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Р.Юсупов. – Хусусан, партиямиз ногиронлиги бўлган шахсларни турар жой билан таъминлаш, уларни фаол ижтимоий ҳаётга, яъни тадбиркорлик, ўқув-ишлаб чиқариш соҳаларига жалб қилиш бўйича муҳим вазифаларни асосий мақсад сифатида белгилаган. Айниқса, ногиронларнинг уй-жой билан таъминланишида бошланғич тўлови 0 % қийматга эга ипотека кредитлари олишларида қулайликлар яратишнинг ҳуқуқий базаси мустаҳкамланишига эришишни кўзлаяпмиз...

– Халқ демократик партияси ташаббуси билан қишлоқларда яшовчи аёлларнинг саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинмоқда, – дейди тадбир иштирокчиси бўлган Таълим, Фан ва Маданият касаба уюшмаси республика кенгашининг Хоразм вилоят бўйича масъул ташкилотчиси, ХДП фаоли Муяссар Раҳимова. – Қишлоқ аёлларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган тадбирлар партия фаоллари томонидан кенг миқиёсда изчил ўтказилиб борилмоқда. Партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳасида ҳам ушбу масалаларнинг белгилангани хотин-қизлар, хусусан, қишлоқ аёлларининг манфаатини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади, деб ўйлайман.

Тадбир маданий дам олиш дастурларига бой тарзда ўтди. Унда вилоятнинг кўзга кўринган хонанда, раққос ва раққосалари, шоир ва ёзувчилари иштирок этиб, дилрабо куй-қўшиқ, рақслар ижро қилишди ва шеърлар ўқишди. Ўзаро беллашув тарзида ўтказилган маданий дастурда ёш йигит-қизлар фаол иштирок қилди. Партиянинг вилоят кенгаши томонидан уларга совғалар тақдим этилди.

1500 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашган ушбу тарғибот тадбири барча иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.        

 

Эрпўлат БАХТ

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов-2019 Мен ЎзХДПни танладим
← Рўйхатга қайтиш