"Ёшларга кўмак" лойиҳаси Нарпай туманида қизғин тус олди

 

Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи етакчи куч ҳисобланади. Шундай экан замонавий билим ва кўникмаларга эга, дунёқараши кенг, масъулиятни ўз зиммасига оладиган, интилувчан ёшларни тарбиялаш кун тартибидаги энг муҳим ҳамда кечиктириб бўлмас вазифалардан биридир.

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилояти кенгаши Ёшлар Қаноти ташаббуси билан Нарпай туманида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида "Ёшларга кўмак" лойиҳаси доирасида қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 13-сонли Болалар мусиқа мактаби биносида "Ёшлар дафтари"га киритилган ишсиз ёшлар учун меҳнат ярмаркаси, ҳунарманд ёшлар томонидан яратилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, ёшлар миллий қадриятларимиз саналмиш мақомчилик санъатининг устоз-шогирд анъанаси билан ҳам танишишди.

Шунингдек, Ўзбекистон ХДП вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Б.Насриев, туман Кенгаши депутатлари Зайнаб Хайдарова, Усмон Шариповлар иштирокида "Депутат ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда йиғилганларга Ўзбекистон ХДП томонидан Президентликка номзоди кўрсатилган Мақсуда Ворисованинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури таништирилди. Қизғин мулоқот тарзида ўтган учрашув давомида ёшларнинг сиёсий билимларини синаш мақсадида сайлов қонунчилигига оид викторина ташкил қилинди. Фаол иштирокчиларга Б.Насриев бадиий китоблар топширди ва олдимизда турган муҳим сиёсий жараён - Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок этишга чақирди.

Лойиҳа давомида тадбир меҳмонлари тумандаги "Мароқанд сифат” МЧЖга қарашли ип калава ишлаб чиқариш фабрикаси ҳамда “НБА – АЛЛАНС” МЧЖга ташриф буюрдилар. Тадбир доирасида тумандаги 13 - сонли мусиқа ва санъат мактаби китоб фондига партия томонидан китоблар жамланмаси совға қилингани ёш китобсеварларни қувонтирди. Қизғин руҳда ўтган тадбир Нарпайлик ёшларда катта таассурот қолдирди.

 

ЎзХДП Нарпай туман кенгаши

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш