Қонун барчага баробар

 

Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Кўчада арзимас ҳодиса юз берса ҳам дарров тармоққа жойлайдиган бўлдик. Воқеаликка изоҳ бермасдан, видеога олган лавҳани шунчайлигича қўйиш оқибатида одамлар ҳам билиб-билмай ўзи истаган ракурсда муносабат билдиришга бориб етаяпти. Мана олайлик, яқинда пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги кўчалардан бирида ички ишлар органлари ходимларининг талабига бўйсунишни истамаган фуқаро билан жанжал Фейсбукда пайдо бўлди. Айримлар фикрича, Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари топталаяпти. Фуқаронинг ҳаракатини ҳокимият вакилининг қонуний талабларига бўйсунмаслик сифатида баҳолаётганлар ҳам йўқ эмас.

Тинч, осойишта ҳаёт кечираётганимиз, ҳаётимиз хавфсизлигининг таъминланганлиги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг кунни кун, тунни тун демасдан қилаётган заҳматли меҳнатлари самараси, десак муболаға бўлмайди. Бироқ хизмат бурчини бажараётган ҳуқуқ посбонларининг қонуний талабига бўйсунмаслик, фаолиятига қаршилик кўрсатиш ҳолатлари учраб турибди.

Бундай ҳолатларнинг аксарияти ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, транспорт воситасини тўхтатиш каби қонуний талабларига бўйсунмасликда намоён бўлмоқда. Жумладан, 2020 йилнинг ўзида ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ 38911 та ҳуқуқбузарлик содир этилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси жамиятда қонун устувор бўлиши, қонун талабларига барча бирдек бўйсуниши шарт, деб ҳисоблайди. Қонунбузарлик қилган, жамиятда ўрнатилган тартиб-интизомга беписанд қарайдиган фуқаролар эса қатъий жазога тортилиши лозим. Ўз навбатида, ҳуқуқ-тартибот, жумладан, ички ишлар ходимлари касб одобига қатъий риоя этишлари, оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишлари лозим. Бунга амал қилмаслик ҳокимият вакилларига нисбатан нотўғри фикрлар шаклланишига олиб келади.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш