Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан Урганч шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида “Аёллар масаласи партия эътиборида” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.
Унда ЎзХДП Урганч шаҳар Кенгаши депутатлари, партиянинг вилоят ва шаҳар кенгашлари масъул ходимлари, касб-ҳунар ўрганиш истагида бўлган хотин-қизлар иштирок этдилар.
Тадбир давомида партия фаоллари асосий эътиборни хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга, уларни касб-ҳунарга йўналтиришга қаратдилар. Ушбу йўналишда халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутатлари Ширин Рўзметова, Фарҳод Қурбонов оила фаровонлиги, рўзғор бутлиги, саранжом-саришталиги, озодалиги, фарзанд тарбияси ҳамда “Темир дафтарга” киритилган камбағал оилалардаги хотин-қизларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш ҳамда депутатлар билан биргаликда оғир, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни “Аёллар дафтарига” киритилиши юзасидан олиб борилган ишлар, кам таъминланган, иш билан таъминланмаган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни хоҳиши ва қобилиятига қараб касб-ҳунарга ўқитиш, уларни тадбиркорлик, касаначилик фаолиятига жалб этиш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратишга кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар бердилар.
Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида фикрлар билдирилди ва хотин-қизларни бандлигини таъминлаш юзасидан аниқланган муаммолар ва уларнинг ечимига доир таклифлар халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳига тақдим этилди.
Ўрни келганда қайд этиш керак, бугунги кунда мономарказда 22 та йўналиш бўйича ҳам назарий, ҳам амалий билимлар берилмоқда. Асосий эътибор аҳолини банд бўлмаган қисмини ишга жойлаштириш, касб-ҳунар, хорижий тил, рақамли технологияларга ўқитиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек тадбиркорликка жалб қилишга қаратилган. Касбий малака талаб этадиган ишларни танлаган касб-ҳунарларни ўрганиш истагида бўлган аёллар марказда қисқа ўқув курсларида таълим олмоқдалар.
Иштирокчилар тадбир давомида мономарказ фаолияти билан яқиндан танишдилар ҳамда партия ташаббуси билан касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилиб, таҳсил олаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашдилар.
Лойиҳа давомида ЎзХДП Урганч шаҳар Кенгаши депутати Ширин Рўзметова ташаббуси билан касб-ҳунарга ўқитилган 12 нафар битирувчига махсус сертификатлар тантанали тарзда топширилди. Шу ернинг ўзида тўрт нафар хотин-қиз тикувчилик йўналишида, икки нафар хотин-қиз қандолатчилик йўналишида "Фазилат мега ширинликлари" оилавий корхонасига ишга қабул қилинди. Эътиборлиси касб- ҳунар ўрганиш истагини билдирган 15 нафар ёшлар ва хотин-қизлар марказга ўқишга қабул қилинди.
Тадбир якунида фаол хотин-қизлар ва ёшлардан бир гуруҳи партия сафига қабул қилинди.
ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши