Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилояти Кенгашининг “Ёшлар қаноти” фаоллари ташаббуси билан “Сайлов жараёнида кузатувчи ва волонтёрларнинг иштироки” мавзуси бўйича онлайн семинар ўтказилди.
Семинарни ЎзХДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Акмал Умаралиев очиб берди ва Президент сайловида фаол иштирок этиш, номзодни қўллаб- қувватлашда вилоят ёшларининг ўрни ва роли ҳақида тўхталиб ўтди. Партиянинг Оҳангарон шаҳар Кенгаши “Ёшлар қаноти” фаоли, “Ёш сиёсатчи” кўрик танлови ғолиби Нигора Абдуллаева эса номзоднинг сайловолди дастури хусусида маълумот берди.
ЎзХДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши “Ёшлар қаноти” фаоли Дилдора Мўминова ўз чиқишида ёшларнинг сайловдаги иштироки ҳақида фикр-мулоҳаза билдириб, “Тошкент вилояти бўйича 988 та сайлов участкаси бўлиб, уларнинг ҳар бирига сайлов участкасига партиямизнинг энг фаол аъзоларидан кузатувчилар ва волонтёрлар бириктирилган ҳамда олдимизда турган муҳим сиёсий жараёнда биз ёшлар фаол иштирок этишга ваъда берамиз”, – деди.
Тадбирда сўз олган ангренлик ёш депутат, “Ёшлар қаноти” фаоли Муҳсиддин Низомиддинов волонтерлик фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисми, унинг ривожланганлик даражаси кўрсаткичларидан бирига айланганини таъкидлаб, волонтёрлик гуруҳларнинг аксарияти ёшлардан иборат эканлигини маълум қилди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг Ёшлар билан ишлаш сектори мудири Жаҳонгир Кабиржонов семинарнинг аҳамияти, сайлов жараёнида ёшлар иштирокининг ўрни ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Тошкент вилояти ёшларини мазкур муҳим сиёсий жараёнда муваффақиятли иштирок этишларига ишонч билдирди.
ЎзХДП Тошкент вилоят Кенгаши