Депутат Рўзиқул Аннагелдиев муаммоларга енгилмайди

Республикамизда сайловга тайёргарлик қизғин кетаяпти. Депутатларимиз қандай ишлар билан бандлигига қизиқдик. Термиз туман Кенгашидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси гуруҳи раҳбари Рўзиқул Аннагелдиевнинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида “Паттакесар” маҳалласи томон йўл олдик. Аммо у ердан депутатни тополмадик. Шунда маҳаллада янги қурилган “Акфа” дераза ромлари тайёрлаш цехи ёнидан ўта туриб, у ердаги фуқаролардан бирига юзландик.

Депутат ўзи маҳалла аҳли учун бирор-бир иш қилганми ёки доимо мана шундай қаерлардадир юрадими, дея савол берганимни биламан, цех раҳбари Фирдавс Авазов “опа нималар деяпсиз? Рўзиқул Аннагелдиев шу ернинг одамлари учун жон куйдиради. Мана шу цехни очишим учун банкка бориб “отангга бор, онангга бор”, бўлиб юрган пайтимда депутатнинг кўмаги билан кредит олдим.  Ҳозир ҳам Рўзиқул ака маҳалла аҳлининг муаммоси билан туман “Сувоқова”га кетган” деган жавобни берди.

Қарангки, шу орада Рўзиқул Аннагелдиевнинг ўзи ҳам келиб қолди.

Депутатлик сўрови орқали қилган мурожаатим ижобий ҳал этилиб, “Паттакесар” маҳалласи ҳудудидаги сув минораси яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли 250 та хонадон шаҳар ҳудудидаги сув қувурига уланди ва тоза ичимлик суви муаммоси ҳал бўлди. Аммо яроқсиз ҳолга келиб қолган сув минорасини олиб ташлаш муаммолигича қолмоқда, дейди Рўзиқул Аннагелдиев.

Депутат маҳалладаги 20 дан ортиқ фуқарога кредит олиб ўз тадбиркорлигини бошлашда ёрдам берган бўлса, маҳалла ҳудудидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган 5 та симёғочни таъмирлатишда ҳам бош-қош бўлган.

Юришда имконияти чекланган 8 нафар кекса фуқарони туман паспорт столга машинада олиб бориб, уларнинг фуқаролик паспортларини янгилашга кўмаклашибди. Бу фактни келтиришимдан асосий мақсад депутатни кексаларга ёрдам қилганини бўрттириш эмас. Аслида юриш имконияти чекланган фуқароларнинг паспортларини янгилаб бериш учун масъул ходимлар хонадонларга ўзлари келиб расмийлаштириши кераклиги қонун ҳужжатларида қайд этилган. Аммо улар ўз вазифаларига бефарқлик билан қарагани тучун бу ишларни депутат амалга оширган. Мана шундай арзимасдек туюлган ишлар ортида беэътиборлик, ҳукумат қарорларига нисбатан менсимай қарашлик ётади. Натижада масалалар катталашиб кетаверади ва охир оқибат бошқа бир муаммоларни келтириб чиқаради.

– Аҳолини қийнаб келаётган яна бир масала бор эди, – дейди депутат. –2017-йилда қишлоқ врачлик пунктлари қишлоқ оилавий поликлиникаларига айлантирилгандан кейин маҳаллада жойлашган қишлоқ оилавий поликлиникасида врач йўқ эди. Маҳаллада истиқомат қилаётган 4 мингдан ортиқ фуқаро шифокор кўригидан ўтиш учун 40 километр узоқликда жойлашган “Сабзипоя” маҳалласига боришига тўғри келарди. Бу эса фуқаролар учун аначайин қийинчилик туғдирди. Натижада маҳалла аҳли депутатдан ёрдам сўраб, ёзма мурожаат қилган.

Рўзиқул Аннагелдиевнинг айтишича, туман тиббиёт бирлашмасига уч маротаба депутатлик сўрови юборилгандан кейингина “Паттакесар” маҳалласида жойлашган поликлиникага тумандан навбатчилик асосида шифокорлар юбориладиган бўлган.

– Тиббиёт соҳасида қилган мурожаатларимга жавоб олишим ҳам муаммо бўлди, – дея жон куйдириб гапираётган депутатнинг аҳволини кўриб, одамлар бежиз Рўзиқул Аннагелдиевни депутат этиб сайлашмаганига амин бўлдим.

Депутатнинг келгуси режалари ҳақида сўраганимизда, айни кунларда йўл таъмирланиши билан боғлиқ депутатлик сўрови юбориб, маҳалла ҳудудидаги ички йўлларни давлат дастурига киритиш ишлари билан шуғулланаётганини айтди...

Фидойи ва жонкуяр депутатимизга раҳмат айтдик, омад тилаб хайрлашдик.

 

Адолат МЎМИНОВА,

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш