Мавҳумлик манбаига савол: Қ.Адрият надур?

 

Одам қайси соҳада ишлаши, қайси касб соҳиби бўлиши, қишлоқ ёхуд шаҳарда яшаши, бойлиги ёки камбағаллиги, ақллилиги ёхуд ўрта маълумотлилиги, машинаси бор-йўқлигидан қатъи назар, инсон табиатида ирода кўрсатиш, бошқариш, умуман, сиёсатга қизиқиш, эҳтимол, англанмаган интилиш бўлади.

Бундан анча йиллар илгари сайлов тадбирлари арафасида кўпни кўрган, олим инсондан “Мамлакат бепоён бир чамбил бўлса, унда миллион турфа одам, миллион хил кўнгил, яна қанча муаммо бўлса, ким ҳам Президентликни истаб майдонга чиқади?”, деб сўрашганида, “Ҳеч ким Президентлик мансабига эга чиқишни истамас, аммо миллионлаб одамларнинг ҳар бири умри давомида бир марта бўлса ҳам шу ҳақда хаёл суриб кўради”, деб жавоб берган экан.

Олимнинг хулосасига қўшилмаслик қийин. Ҳар биримизда сиёсат, ҳокимият ҳақида қандайдир фикр, хулоса бор. Инсон борки, бошқарувда иштирок этишни, ўзининг хоҳиш-иродасини билдиришни истайди.

 

Сайлов кампанияси, сайлов жараёни одамларнинг ичидаги энг қайноқ, турмуш ташвишларига кўмилиб, чуқурликда қолиб кетган хоҳиш-истакларини уйғотишда тенги йўқ жараён ва бундай жараён ҳар доим ҳам бўлавермайди. Қайси соҳа вакили бўлмайлик, ҳаммамизнинг ҳаётда қиладиган ишимиз, ўй-ташвишларимиз бор. Лекин муайян бир давр келадики, истайдими-йўқми, ҳамма давлат бошқаруви ҳақида ўйлайди, истайдими-йўқми, у сиёсатчига айланади. Бу сайлов кампанияси вақтидир.

 

ҚЎРҚУВ, ҲАЗИЛ, ЧИН ВА СИЁСИЙ КУРТАКЛАР

Сайловга тобора яқинлашиб бормоқдамиз. Тўғрисини айтиш керак, бу жараён, бу сайлов кампанияси олдингиларидан мутлақо фарқ қилади. Бундан 10 йилча олдин парламент сайловими, Президент сайловими, қанчалик асабий ўтганини жараёнда иштирок этганлар билади. Ёдлатилган гапини эсидан чиқариб қўйгач, босимдан қўрққани учун қанча одамлар дард орттирганларини биладиган бор. “Президентлик сайловида ғалаба учун курашамиз”, деган гапни телевизорда айтмаслик учун кўп нарсага тайёр одамларни кўрганмиз, тўғриси.

2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайлови кампаниясининг охирларига бориб, асабий муҳит секин-аста ечила бошлади. Бошида “Сен хоҳлаган гапингни гапирганинг билан, орқада ўтириб олиб кузатиб, ҳисоб-китоб қилиб боришади”, деган тушунчалар бор эди.

Кейинроқ, эҳтимол ҳазил чинга айланиш жараёнида сиёсий фикрини, қарашларини, жамият, давлат, ҳокимият бошқаруви ҳақида хулосаларини, мустақил фикрини билдиришни истайдиганлар кўпайиб борди, “менга минбар беринг, гапираман, айтаман”, дегувчи талабгорлар чиқди, янги сиёсий куртаклар бўй кўрсата бошлади.

 

МИНБАР ВА МАСЪУЛИЯТ

Жамият қандай ривожланади, қандай йўлдан боради? Давлат бошқаруви институтлари қандай такомиллаштирилади? Шахс омилидан қонун омили қачон кучли бўлади? Халқимизнинг ҳаёти, бошқарувдаги иштироки ва ўрни қандай бўлади?..

Шу каби саволларга жавоб топиш, жавоб топиш майли, аввало шу ҳақда мулоҳаза юритишга ундаш нуқтаи назаридан сайлов кампанияси сиёсий партиялар, сиёсатчилар учун катта имкониятдир. Бу тенгсиз жараёнда ҳамма нарса табиий ва самимий бўлиши муҳим. Чунки жамоатчиликда давлатдан, сиёсатдан ҳафсаласи пир бўлиш, маиший қобиққа ўралиб олиш синдроми қайталаши мумкин.

Сиёсатчининг гап-сўзлари, таклифлари, ўзини тутиши популизм учун эмас, табиийликдан, самимийликдан куч олиши зарур. Бу даврда сайловчиларнинг назари сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларда, сиёсатчиларда бўлади.

Халқ кузатиб турган, оммавий ахборот воситалари ва бошқа минбарлар мунтазир пайтда енгил-елпи гапларни эмас, юракдан, аниқ мақсад, ғоялар ифодаланган дастурларни айтиш муҳим. Сиёсий минбар цирк саҳнаси эмас.

 

УЗУН ТИЛ

Муҳим пайтда айрим партиялар, хусусан, “Миллий тикланиш” партиясидаги пишмаган сиёсатчилар халқимиз манфаатига, жамият тараққиётига, давлат бошқарувини такомиллаштиришга хизмат қиладиган ғоялар, ташаббусларни тарғиб қилиш, тушунтириш ўрнига, ўзларини худди шоу-бизнес вакиллари, шоуменлардек тутмоқдалар.

Ўрни келганда айтиш керак, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш ўзига хос бизнес, маркетингдир. Биласиз, шоуменларнинг мақсади – қандай қилиб, нима қилиб бўлса ҳам ўзининг трендда бўлишига эришиш, доим жамоатчиликнинг эътиборида юриш, кўпроқ “лайк” йиғиш, пировард мақсад пул ишлашдир. Бу борада улар ҳатто арзимаган, бемаъни нарсаларни ҳам кўтариб чиқадилар. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Уларни айблаб, ёмонлаб бўлмайди, тирикчиликнинг айби йўқ.

Лекин, сиёсатчилар, масалан, “Миллий тикланиш” партиясининг раиси шоуменларнинг йўлидан юрса, камида сиёсий жараёнларга қизиқа бошлаган ёшларга катта зарар етказади.

“Нима бўлса ҳам, майли, мен ҳақимда гапиришса бўлгани”, деган ўй одамни адойи тамом қилиши мумкин. Машҳурликка ҳаддан ортиқ интилиш ҳисси руҳиятнинг зўриқишига олиб келади.

 

СИЁСИЙ ХАРАКТЕРСИЗЛИК

“Миллий тикланиш” партияси раисининг ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга энг кўп сабаб бўлган чиқишларини кузатадиган бўлсангиз, партиянинг ғояси, таклифлари ҳақида жўяли, характерли гап йўқ. Улар ўзларининг ғоявий мақсадлари эмас, бошқалар ҳақида гапириш билан овворалар. Ҳатто бошқа партияларнинг дастурларидаги гапларга ҳам ўтилди, дейилмоқда.

Сиёсий партиянинг мақсади аниқ ва битта – ҳокимият учун курашиш.

У давлат бошқарувини ислоҳ этиш, шу орқали ўзининг ғояларини амалга ошириш имконига эга бўлиш учун ҳаракат қилиши керак, зарур. Президент сайловида аниқ мақсадга интилиш ўрнига, майда, бачкана ишлар билан шуғулланиш ўта кулгулидир.

Сиёсий партиянинг асосий мақсади ҳокимият тепасига келиш экан, сайлов кампаниясидаги шиор ҳам шу мақсадга хизмат қилиши муҳим. Лекин “Миллий тикланиш” партиясининг асосий шиорларидан бири сифатида илгари сурилаётган “Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради”, деган гапни моҳиятига кўра, сира сиёсий партия шиори, деб бўлмайди. Сиёсий партия аввало бошқарувни, ҳокимиятни ўзгартириш, яхшилаш ҳақида ўйлаши керак эмасми?

Нега бу партия инсонни ўзгартирмоқчи? Ният инсонни ўзгартириш бўлса, сиёсий майдонда нима бор? Ўзгартириш айнан нима? Қайта дастурлашми?..

(“Инсон ўзгарса – жамият ўзгаради” деган шиор кўпроқ маънавият тарғиботи билан шуғулланадиган идора учун хос эмасми? Бизнингча, бу шиор фаолияти айнан ушбу йўналишга ихтисослашган ташкилот учун узукка кўз қўйгандек мос тушади).

 

ЎЗГАРТИРИШ АЙБЛАШ ДЕГАНИМИ?

Ушбу сиёсий партия пешволарининг чиқишларини кузатсак, жамиятдаги муаммолар, мунозарали масалаларда одамларни айблашга уриниш, ушбу ҳолатга ошуфталик яққол сезилади.

Ҳаётимизда юзага келган муаммолар, уларнинг ҳал этилмаётгани учун биринчи навбатда одамлар айбдорми?

Сув, йўл, мактаб, иш ўрни, барқарор даромад, қонун ва кафолат етишмаслигида қандай қилиб одамлар айбдор бўлиши мумкин? Бу нарсаларни таъминлаш давлатнинг, амалдорларнинг зиммасидаги масала эмасми? Инсонни қадрлашми мақсад ёки уни нишонга олишми?

“Муаммо машинанинг қимматлигида эмас, муаммо одамларнинг кам даромад топаётганида”. (“Туш ўнг бўлмас, ўнг туш бўлмас”, деган машҳур қочириқ эсга тушиб кетди).

“Миллий тикланиш” партияси сафида сиёсий партия мақсади-мазмунини тушунадиган яхши кишилар борлигига қаттиқ ишонамиз.

Менимча, партия пешволари анойи эмас, аслида масаланинг моҳиятини тушуниб туриб, ҳокимият ва одамлар ўртасида мунозарали ҳолат юзага келганда, атайлаб осон йўл танланса керак. Амалдорлар, ҳукуматдагиларни танқид қилмаслик, сиёсий эҳтиёткорлик учун.

Ҳеч қандай ваколати бўлмаган, турмуш қийинчиликларига қорилиб юрган одамларни айблаш осон, ҳеч нарса қилмайди, деб ўйланса керак.

Эслаб кўринг, Сурхондарё вилоятида уй-жойларни бузиш жараёнида аҳоли билан ҳокимият вакиллари ўртасида зиддият келиб чиққанда, “Миллий тикланиш” партияси ўз уйи ни, бошпанасини ҳимоя қилаётган одамларга чора кўришни таклиф қилганмиди?

Қайси муаммода “Миллий тикланиш” халқ томонида бўлганини эслаш қийин ҳозир. Монопол компаниялар, ҳукумат, вазирликлар, корчалонлар томонида туриш хавфсизроқмикан? Машҳурлик, сиёсий келажак учун халқдан узоқлашиш, ... билмадим.

 

ТАЯНЧГА ТЕПКИ

Партия раисининг ўқитувчиларнинг савияси ва уларнинг ойлик иш ҳақи ҳақидаги фикрларини эсласак, ўқитувчилар, зиёлилар хафа бўлишса керак. Ўқитувчилар, уларнинг яқинлари, шогирдлари Тошкентга келолмаган бўлиши мумкин, лекин сайлов куни маҳалласида, мактабида туриб сиёсий салом айтишади.

Одам машҳурлик учун ўзини кўтариб турган шоҳга болта уриши мумкинми? Тиктокерча кайфиятга мубталолик шунга ундаши мумкин шекилли. “Миллий тикланиш” зиёлиларга таянади, дейишарди, энди ўша таянч ҳам йўқолиб бораётганга ўхшайди.

Болаларга таълимни ўз ишидан мамнун, ўзи ишининг фидойиси бўлган муаллимлар беради. Шароит бўлиши керак, лекин боланинг сифатли таълим олиши биринчи навбатда ўқитувчиларга, уларнинг ҳимояланганлигига, кафолатланганлигига боғлиқ. Қадрият инсонда бўлади, бетонда эмас.

 

СИЁСИЙ МАВҲУМЛИК САРИ

Ажаб, “Миллий тикланиш” партияси “Қадриятларга асосланган тараққиёт” деган шиорни илгари сурмоқда. Ўйлаб кўринг, юқорида эсланган чиқишларда қандай қадриятлар ҳақида гап кетяпти? Одамларни айблаш қачон қадриятга айланди?

Шиорда демократияга ишора қилинаётган бўлса, унда асосий урғу амалдорлар, монополлар, корчалонлар ҳимоясига эмас, халқ манфаатларига берилади. “Миллий тикланиш” партияси ва сиёсий мавҳумлик ҳақида узоқ гапирса бўлади, лекин газетада жойни асраш, увол қилмаслик касбий қадрият.

 

ФАРҚ

Сиёсий партиялар орасида, дастурларида, фикр-мулоҳазаларида фарқ сезилмайди, одамлар билмайди, дейдиган ва кўрпачани яхши кўрадиган “мутахассис”лар партиялар ўртасидаги кескин сиёсий қарама-қаршиликни, тўқнашувни Халқ демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” партияси баҳсида кўриши керак. 

Халқ демократик партияси “Барчага ғамхўрлик — давлатнинг бурчи” шиори билан кириб келди. Бу шиорнинг моҳиятида халқнинг, фуқароларнинг олдида давлатни бурчли қилиш ғояси турибди. Бу партия сиёсий платформасининг ўзагини ташкил қиладиган ғоядир.

Халқ демократик партияси муаммоларда, мунозарали ҳолатларда оддий одамларни айбдор қилмайди. Жамиятни ўзгартириш учун давлатни, амалдорларни, уларнинг иш тамойилларини ўзгартириш керак, деб ҳисоблаймиз. Қонунларни ҳурмат қилиш, демократик қадриятларга риоя этишда оддий одамлар эмас, ҳукумат тизимида фаолият кўрсатаётган амалдорлар ўрнак бўлиши шарт.

Бизнинг номзод илгари сураётган шиорлардан яна бири – “Иқтисодий ресурслар барча учун”. Ушбу шиорнинг замирида ҳам давлатни ўзгартиришга, амалдорларнинг халқ олдидаги масъулиятини оширишга қаратилган аниқ даъват турибди, бу сиёсий даъват, аниқ стратегиядир.

Табиий, иқтисодий ресурслар жиҳатдан камбағал давлат эмасмиз. Агар ушбу бойликлар давлат томонидан тўғри ва самарали тасарруф этилса, халқимизга кўпроқ манфаат келтиради, қийинчликларни, камбағалликни енгиб ўтиш осон кечади. Партиямиз камбағалликни қисқартириш, инсонларнинг ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, бирламчи ҳуқуқларини амалга ошириш, бунинг учун ресурсларни тўғри бошқариш долзарб вазифа, деб билади. Бирламчи ҳуқуқлар - яшаш ҳуқуқи, таълим, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи ва адолатли шароитларда меҳнат қилиш ҳуқуқидир. Гап бу ерда ҳимоя ҳақида эмас, фундаментал ҳуқуқлар ҳақида кетмоқда.

Бу “Миллий тикланиш”чилар бот-бот такрорлаётган “Ҳамма нарсани давлат қилиб бериш керак”, деган мазмундаги бемаъни талқинни буткул инкор этади. Давлат фуқароларнинг устувор ҳуқуқларини таъминлашга масъул ва бурчлидир! Шунинг учун у давлат, шунинг учун у мамлакатдаги барча ресурсларни тасарруф этиш ваколатига эга. Давлат халқдан, унинг манфаатларидан айрича яшай олмайди.

Агар камбағаллик, ишсизлик мавжудлигида кимларгадир ўхшаб халқни айблаш танланса, сиёсий йўлдан адашилади.

“Миллий тикланиш” партиясининг асосий муаммоси, партиянинг ғоявий биқиқликка тушиб қолиши партия фаолиятида фикрлар хилма-хиллигига риоя этиш секин-аста унутилаётганига боғлиқ бўлиши мумкин. Бир инсоннинг муайян ҳолат бўйича кечаси уйқуси қочиб ёзган гаплари ҳеч қачон партиянинг сиёсий позицияси бўла олмайди. Сиёсий партия “у киши нима деса, шунақа бўлади”, деб фаолият кўрсатса, сиёсий майдонда узоқ вақт қола олмайди.

Бу партияга Халқ демократик партиясидан охирги эслатма шуки, турмуш ўзгармаса, тафаккур ўзгармайди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

“Ўзбекистон овози”, 15.09.2021, №37

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш