Ички ишлар ходими қонун бўйича жамоат тартибини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қўриқлайдиган давлат хизматчиси. Ҳуқуқ, ҳимоя учун хизмат қилиш ўзини билган одамга катта шарафдир.
Афсуски, ижтимоий тармоқларда биз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг арзимаган баҳонаю сабаблар билан фуқаронинг оғзини қонга ботираётган, айрим ҳолатларда ўлимига олиб келган калтаклашларига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Вазиятга изоҳ берар экан, Ички ишлар вазирлиги “ҳолатни текшираяпмиз, ўрганаяпмиз” қабилидаги баёнотлар билан чекланяпти. Мана, куни-кеча ижтимоий тармоқда Андижон вилоятида оғзи бурни қонга ботган, ички ишлар ходимлари калтаклагани айтилган йигитнинг видео лавҳалари тарқалди. Аммо ҳалигача расмий баёнот йўқ. Бундай ҳолатлар тез-тез такрорланяпти. Афтидан, ишлар ёпти-ёпти бўлиб кетаяпти шекилли. Вазирлик эса қатъий чоралар кўраётганига жамоатчиликни ишонтира олгани йўқ.
Илгари «бўлажак» маъмурий ҳуқуқбузарга нисбатан ички ишлар ходимларига «беғараз ёрдам берувчи» кимсаларга ариза ёздирилар эди: фалончи мени ҳақоратлади ёки тегажоқлик қилди, деган мазмунда. Шунинг ўзи фалончини «ичкарига» олиб кириши учун етиб ортарди. Бундай услуб анча эскирди. Ҳозир ИИБ ходимларининг ўзлари эплашяпти. Қандай? Оддий ва осон: «фалончи қонуний талабларимизга бўйсунмади», дея оёғини ерга теккизмай олиб кетишяпти. Яъники, жабрланувчи ҳам, гувоҳ ҳам, «фош этувчи» ҳам ўзлари: «ўртада бегона йўқ»! Маъмурий суднинг «тушунган» судьялари омон бўлсин: гўёки ички ишлар ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган шўрликларга оид «дело»ларни кўпам титкилаб ўтирмайди...
Ички ишлар тизимидаги айрим ходимлар фуқаролар билан мулоқот жараёнларида одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишни унутиб қўйишди. Эслай олмаса ҳам керак.
Инсон манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ масалаларни кечиктирмасдан ҳал қилиш лозим бўлган бугунги кунда давлат хизматчиларининг эскича фикрлаши, ишни эски “қолип”лар асосида ташкил қилиши, ўз бурчини элга хизмат тамойилига асосланиб эмас, балки шахсий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бажариш каби амалиётлар давом этмоқда.
Агар дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бирида фуқаро полиция томонидан калтакланса, ҳуқуқ ва эркинликлари топталса, Ички ишлар вазири ёки мансабдор шахс шу заҳоти истеъфо беради. Янаям халқимиз бағрикенг, сабр-қаноатли.
Ички ишлар тизими катта ислоҳотларга муҳтож эканини ўзи тушунадиган вақт келди. Ходимлар, хизматчиларнинг одоб-ахлоқи устида ишлаш, улар халқнинг ҳимоячиси эканлигини, халққа садоқат билан хизмат қилишга онт ичганини керак бўлса ҳар куни эслатиш лозим. Давлат халққа хизмат қилишга, ҳар бир инсон ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур. Давлат хизматчисининг эса фуқароларга тазйиқ ўтказиш ва таҳдид солишга ҳаққи йўқ.
ИИВнинг фуқароларга оид муносабатини кескин танқидий таҳлил қилиш керак. Керак бўлса, масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатасига олиб чиқиб, вазирлик раҳбариятидан ҳисоб, изоҳ сўраш, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарияти фаолиятига профессионал хулоса берилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда, қуйи бўғиндаги ички ишлар идораларнинг тазйиқ ва айрим зўравонликлари тўхтамаяпти. Баъзида улар ўзларини “кўча одамлари”дек тутишаяпти. Шундай экан, ИИВнинг фаолиятига тизимли ва жиддий баҳо бериш вақти келди.
Бундан кейин давлат хизматчисининг фуқарони таҳқирлашига йўл қўйиб, тоқат қилиб бўлмайди.
Мақсуда Ворисова,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан
Президентликка номзод.