2021 йил 15 сентябрда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Ведеоконференц алоқа тарзида ўтказилган йиғилишда “Партиянинг кузатувчи ва ваколатли вакилларини шакллантириш ҳамда уларнинг самарали фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, масъул ходимлари, студиялар орқали партия ҳудудий ташкилотларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов раислигида ўтган йиғилишда жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг иштироки ва тайёргарлик жараёнлари таҳлилий муҳокама этилди. Партия раиси муҳим сиёсий жараёнга қадам қўйилганини, бу жараёнда уюшқоқлик билан, партиянинг ҳар бир ходими масъулият ва фидойилик билан иштирок этиши лозимлигини таъкидлаб, партиядан Ўзбекистон Президентлигига номзод билан сайловчиларнинг учрашувлари, тарғибот тадбирларини ташкил этиш борасида турган муҳим вазифалар ҳақида гапирди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбев Вафоев Марказий сайлов комиссиясининг Мақсуда Ворисовани Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида рўхатга олингани ҳақидаги қарорни У.Иноятовга ва номзодлик гувоҳномасини М.Ворисовага тантанали тарзда топширди.
Йиғилишда партия Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари Фирдавс Шарипов сўзга чиқиб сайлов кампанияси жараёнида амалга ошириладиган устувор вазифалар ва бунда партия ташкилотлари олдида турган вазифалар, жумладан номзоднинг ишончли вакиллари фаолияти билан боғлиқ масалалар хусусида тўхталиб ўтди.
Марказий Кенгаш бошқарма бошлиғи Бахтиёр Абдуллаевнинг кун тартибидаги масала бўйича маърузаси тингланди. Маърузада Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови партиямиз учун нафақат масъулиятли ҳамда муҳим сиёсий жараён, балки бутун халқимизнинг эртанги куни, фаровонлиги, давлатимизнинг равнақи, дунё ҳамжамиятидаги мавқеи, сиёсий имижи учун ҳам катта аҳамият касб этиши, сайлов – демократиянинг энг муҳим белгиси, фуқаролар хоҳиш-иродаси ифодаланишининг мустаҳкам кафолати, бу сайлов кампанияси Халқ демократик партияси учун ҳам ўта масъулиятли жараён экани таъкидланди. Сайлов кампаниясида кузатувчилар институти сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан, сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши, бу ўз навбатида сайлов комиссиялари, номзодларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилишларини олдини олишга ҳамда сайлов қонунчилигини тўғри ва адолатли ишлашини таъминлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Маърузада кузатувчиларни танлаб олиш ва уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби, кузатувчиликка номзодларга қўйиладиган талаблар, рўйхатга олиш муддатлари ва кузатувчининг ваколатига доир маълумотлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан бир қатор ҳудудий кенгаш раислари сўзга чиқиб, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилишда кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати