Кучсиз одам тажрибасизроқ рақиб танлайди

 

Шу кунларда Президент сайлови муносабати билан жамиятимизда жараёнлар қизғин, сиёсий партиялар ҳокимиятни эгаллаш учун қаттиқ курашга кирган. Хуллас, барча партиялар ўзининг кучли томонини кўрсатиш учун, халқнинг овозини олиш учун андармон бўлаяпти.

Бугунги гапи эртага тўғри келмайдиган “Миллий тикланиш”нинг “сўзамол” номзоди ҳар доимгидек осон, енгил йўл қидираётганга ўхшайди. Ғоявий-мафкуравий курашнинг уддасидан чиқа олмагани учун бошқа партияларнинг номзодларига, уларнинг шахсиятига ташланиб кўрди.

Баҳсли чиқишлардан кейин “Миллий тикланиш” номзодининг рейтинги пастга шўнғиб боряпти. Ўзбекистон сиёсий саҳнасида биринчи бўлиб пайдо бўлган тажрибали партиямизга эски даврни қўмсаш айбини қўйишга уринганлар ниятига эришолмай, энди “Адолат” СДПнинг сиёсат майдонида тажрибасизроқ раҳбари, партия номзодини дебатга, яъни баҳс-мунозарага чорлабди. Бу мақтаниладиган хусусият эмас.

Бугун сайловолди кампаниясида бир-бирини айблаш эмас, ғоявий кураш олиб бориш муҳим. Сайловчига шу керак.

Сиёсий рақобатда муқаддам кузатилган “саҳна асарлари”нинг ҳеч кимга кераги йўқ. Ўтмишда йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқаришимиз шарт. Сайловчига амалий дастурлар сув ва ҳаводек зарур. Шу сабабли халқимиз Президент сайловини катта умидлар билан кутаяпти.

Бугунги сайловчи кечаги сайловчи эмас. Дебатлар масаласи фаол жамоатчилик томонидан энг кўп сўралаётган саволлардан бўлаётган экан, биз бу чақириққа жавоб беришимиз керак, деб ўйлайман.

Фақат сиёсий мунозарада ўзидан кейинроқдаги рақибларга эмас, олдироқда турган рақибларга қараб интилган маъқул.

 

Мақсуда Ворисова,

Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод.

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш