Сўнгги вақтларда юртимизда спортчиларнинг жонига қасд қилиш, уларга тан жароҳати етказиш билан боғлиқ турли жиноятлар содир этилмоқда. Тошкент шаҳрида қашқадарёлик жаҳон чемпиони, 29 ёшли Камолиддин Расулов бошқа бир спортчи томонидан пичоқлаб, ўлдирилгани бунинг яна бир тасдиғи. Олдинроқ яна бир спортчи оммавий равишда калтакланиб, ўлдирилган эди.
Афсус, шундай ҳодисалар жамиятимизда тез-тез учраб турибди. Бу каби воқеаликлар ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларини чуқур таҳлил қилиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўришни тақозо этади. Демак, бу борада ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини, уларнинг бошқа вазирлик ва идоралар, айниқса, таълим муассасалари, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ўртасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш ғоят муҳимдир.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, ёшларнинг жиноят содир этишига нималар сабаб бўлмоқда? Бугун ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда? Бугун шу саволларнинг жавобини излашимиз керак. Халқимиз азалдан болажонлик фазилатини намоён қилиб, фарзандни дунёга келтиришдан тортиб, то камолга етказгунга қадар унинг таъминоти, таълим-тарбияси ва билим олиши, касб-ҳунар эгаллашига, умуман, етук инсон бўлиб камол топишига алоҳида эътибор қаратиб келган. Миллий қонунчилигимизда ҳам бу инсонпарвар қадриятларимиз ўзининг теран ифодасини топган. Хусусан, Асосий Қонун — Конституциямиз, Оила кодекси, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунлар, Президентимизнинг кўплаб фармон ва қарорларида ёшлар, айниқса, вояга етмаган болалар манфаатларининг ишончли ҳимояси кафолатланган.
Шундай экан, бола дунёга келганидан бошлаб унга ғамхўрлик қилиш, соғлом ва тўғри тарбия ҳамда замонавий таълим олишини таъминлаш – ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифаларидан ҳисобланади. Ҳар қайси ота-она ўз фарзандларига нисбатан мутасадди ва масъул эканини унутмаслиги лозим. Зеро, бу фарзанд келажаги, унинг комил инсон бўлиб вояга етишида энг муҳим ва зарур омилдир. Аммо айрим ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътиборсизлиги, ўз фарзандининг тарбиясини бировларга ишонишлари оқибатида турли салбий ҳолатлар келиб чиқаётир.
Халқимизда «касални даволагандан кўра, олдини олган маъқул», деган нақл бор. Демак, бу борада ҳамма айбни у ёки бу идорага, ташкилотга юклаб қўйиш тўғри эмас. Бу масалада ҳаммамиз жавобгармиз. Зотан, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш учун нафақат ота-она, маҳалла, балки барча ташкилот ва идоралар ҳам масъулдир. Шундай экан, бола тарбиясига бепарво, масъулиятсиз ота-оналарга, бировнинг яшаш билан боғлиқ ҳуқуқига тажовуз қилганларга нисбатан жазони кучайтириш, қонунларимизга тегишли ўзгартишларни киритишимиз лозим бўлади.
Дилором Имомова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.