Ёшлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ташкил қилади. Лекин улар орасида ҳам алоҳида эътибор ва ғамхўрликка муҳтож тоифа бор. Бу – етим болалар. Уларнинг салкам 2 минг нафари меҳрибонлик уйлари ҳамда болалар шаҳарчаларида, 560 нафари болалар уйида, 21 минг нафари мактаб-интернатларида тарбияланмоқда. Бундан ташқари, 79 минг нафар ўғил-қиз ҳомийлик, васийлик ва оила патронати қарамоғига олинган.
Етимнинг бошини силиш халқимизда олий фазилат саналанади. Ушбу қадрият миллий қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топган. Масалан, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга етим болаларга доир алоҳида модда мавжуд. Унга кўра, мазкур тоифа тўлиқ давлат қарамоғига олинади. Яъни давлат етим болаларни ўқитиш, уларни уй-жой, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлашга мажбур. Аммо кези келганда бу каби нормалар фақат қоғозда қолиб кетаётгани киши таъбини хира қилади.
Маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчиларининг 51 фоизига уй-жой ажратилган. Меҳрибонлик уйларидан чиққан йигит-қизларнинг 64 фоизи иш билан таъминланган. Бундан англашиладики, мамлакатимизда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган фарзандларни турар жой ҳамда иш ўринлари билан таъминлаш тизими ҳали рисоладагидек эмас. Аҳвол неча йилдирки, ўнгланмаяпти.
Хўш, муаммонинг илдизи қаерда? Нега махсус муассасалардан учирма бўлаётган минглаб қоракўзларимиз катта ҳаёт қийинчиликлари олдида якка ҳолда қолиб кетмоқда. Ўйлашимча, асосий сабаб ижро интизомида. Ахир, Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг уй-жой таъминоти Вазирлар Маҳкамаси гарданида-ку. Янада аниқроқ қилиб айтганда, мазкур масалани жойлардаги ҳокимликлар ҳал қилиши керак. Амалда эса отангга бор, онангга бор қабилида иш тутиляпти.
Қонуний ҳаққини талаб қилолмай, давлат идораларининг эшиги тагида сарғайишга мажбур бўлаётган етимлар ҳақида кўп эшитамиз. Улар уй олиш учун асоссиз равишда навбатга қўйилади, яна қанча югуриб-елади. Ҳолидан хабар оладиган, мушкулини осон қиладиган, оғир дамда суяб, ардоқлайдиган ҳеч кими йўқ. Бунинг оқибатида шусиз ҳам кўнгли нимта ҳамюртимиз руҳан синмаслиги, давлатдан бир умрга норози бўлиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Инчунин, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга эътиборсизлигимиз, тизимдаги камчиликларга кўзимизни чирт юмиб кетаётганимиз эртага ўзимизга-да қимматга тушиши тайин. Гап бир-икки киши эмас, бутун ўзбек жамиятининг тақдири, ижтимоий кайфияти, эртага эл-юртига қандай муносабат кўрсатиши ҳақида бормоқда.
Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Юртимиз қонунчилигида ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган. Турли важ-карсонлар билан мана шу ҳуқуқни таъминлаб бермаслик қонунга итоатсизлик, қўйингки, етимнинг ҳақига хиёнат демакдир. Ўзбекистонда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчиларининг салкам ярми уй-жой билан таъминланмаган. Ваҳоланки, ҳар йили шу мақсадда давлат бюджетидан катта маблағ ажратилади. Демак, халқнинг пули ўртада “туя” қилиб кетилмоқда. Буниси эса энди иқтисодий жиноят. Соҳада коррупция урчиб борган сайин, ижтимоий таъминот механизми издан чиқаверади. Шунча вақт ва маблағни беҳуда совурганимиз қолади, холос.
Мавзуни таҳлил қилиш давомида қизиқ ҳолатга дуч келдик. Расмий манбаларга кўра, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг 17 фоизини чин етимлар, қолган 83 фоизини ота-онаси ёки яқин қариндошлари воз кечган болалар ташкил қилар экан. Кўриниб турганидек, давлат қарамоғига олинган жуда кўп ўғил-қизларнинг ё отаси, ё онаси ёки бошқа қариндошлари ҳаёт. Энди ҳақли савол туғилади: нега уларни ўз оиласига қайтариш чоралари кўрилмаяпти? Масала яна тизимдаги нуқсонларни кўриб, кўрмаслигимизга бориб тақалмоқда.
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғисида”ги қонунда айтилишича, ҳар бир боланинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқи бор. Барқарор оилавий муҳитнинг бола психикаси учун афзаллигини мутахассислар ҳам тасдиқлайди. Фақат мутасаддилар бу ҳақда унутиб қўйгандек. Қоидага кўра, отаси ёки онаси бор бўлган болалар фақат бир йилгача муддатда Меҳрибонлик уйига қабул қилиниши мумкин. Амалда эса болалар йиллар давомида бундай муассасаларда қолиб кетмоқда. Чунки ҳоким буванинг қарори чиққан. Наҳотки, ўша ҳужжатларга индамай қўл қўйиб бераётган раҳбарлар бола бегоналар билан эмас, жон-жигарлари бағрида униб-ўсиши минг чандон афзал эканини тушунмаса? Қолаверса, мана шундай калтабинлик эвазига давлатга ортиқча юк тушяпти.
Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини иш билан таъминлаш масаласи ҳам анча оғриқли. Бу борада ҳалигача яхлит тизим шаклланмаган. Бола вояга етдими, бўлди, ўз аравасини ўзи тортаверсин, деган тушунча билан яшаяпмиз. Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларида таълим-тарбия сифати юқори эмаслигини видеоселектор йиғилишида Президентнинг ўзи тан олиб айтди. Бу кетишда махсус муассасалардан чиққан йигит-қизлар эртага бир ишни эплаб кетишига шубҳа қиласан киши. Аслида ҳам шундай.
Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини ишга олиш ёки “Устоз-шогирд” анъанаси асосида корхона ва ташкилотларда касбга ўқитиш борасида қонунчиликда ҳам ҳеч гап йўқ. Мазкур масалани жиддий ўйлаб кўриб, квоталар тизимини жорий этишнинг вақти келди. Соҳада қатъий жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳам жуда муҳим. Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи бундай ишларга бош қўшса, нур устига нур бўларди.
Эндиликда 18 ёшга тўлган, уй-жойга муҳтож етим болаларга янги қурилган уйлар бепул ажратилади. Хайрли ташаббус, албатта. Бироқ, ушбу тизим ҳам ўзини оқлаши учун кенг жамоатчиликнинг иштироки зарур.
Аброр ҚУРБОНОВ,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.
“Ўзбекистон овози”, 15.09.2021, №37